Жамият | 17:22 / 03.07.2020
16306
11 дақиқада ўқилади

«Бола ёшлигиданоқ Россияга бориб ишлашни ўйламаслиги учун уни тўғри йўналтириш керак» — муаллим Турдали Бердиев билан суҳбат

Муаллим – меҳнати оғир, машаққати кўп, аммо натижаси тезда бўй кўрсатмайдиган касб ҳисобланади. Kun.uz мухбири халқ таълимида узоқ йиллар меҳнат қилган, кўпгина ёшларнинг ҳаётда тўғри йўлни топишида сабабчи бўлган педагог, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Турдали Бердиев билан суҳбатлашди.

Турдали Бердиев ўқитувчиликда ўз бошидан кечирган қувонч-у ташвишлари, қийинчиликларини ҳикоя қилиб берди. Шунингдек, суҳбатда халқ таълими тизимидаги нуқсонлар, дарсликлар, фан олимпиадаларидаги «найранглар» ҳақида ҳам сўз борди.

– 1982 йилда ТошДУ (ҳозирда ЎзМУ) математика факултетини тамомлаб Қашқадарёга қайтдим. Гарчи аслида Яккабоғлик бўлсам-да, вилоят маъмурлари чўл туманларидан бири – Миришкор (ўша пайтда Баҳористон) туманига юборишди.

Ўқитувчиликнинг дастлабки даври синов билан бошланган. Чунки ўша пайти мен борган мактабда биронта математика ўқитувчиси йўқ, қишлоқ кичиклиги сабаб саноқлигина бола ўқирди.

Ишга кирганимга хурсанд бўлиб эртаси куни мактабга борсам, ўқувчи камдай. Санаб чиқдим: бутун бошли мактабда 37 нафар ўқувчи ўқир экан. 25-30 болани ўқитаман деган орзуда келиб, кўрсамки, синфда иккита қиз... Қолганлар қани десам, боримиз шу, устоз, дейди. Баракасини берсин, деб ўқитавердим.

Ўша замоналарда айни қишлоқ одамларида ўқиганинг билан пулинг бўлмаса, ўқишга киролмайсан, деган тасаввур бор эди. Уларга болаларинг ўз билими билан ўқишга киради, десам, ишонишмасди. Қачонки қишлоқ болалари олийгоҳга кирганда ва дастлабкилари айнан математик бўлиб чиққандан кейингина ишонишди. Ўзимнинг ўқувчиларим ўқишни битириб келгач, ўз юртим Яккабоғга қайтдим.

Ўқитувчилик – оғир касб, бир пайтлари бу соҳага эътибор сусайганда кўплаб эркак ўқитувчилар соҳани тарк этди, кимдир бошқа ишга ўтди, кимдир Россияга кетди. Ўқитувчиликни яхши кўраман, шу сабаб муаллимликни ташламадим. Йиллар давомида қилган меҳнатларимизга яраша эъзоз ҳам топдик. 1997 йил «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, 2001 йил «Шуҳрат» медали билан, 2015 йилда «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси» унвони билан тақдирландим.

«Умумий савия ва билимга интилиш сусайди»

– Авваллари одамлар иқтисодий қийналиброқ яшаса, ўқишга кўпроқ интиларди. Ўқишга бўлган интилиш кучли бўлган. Чунки ўқиган одам ўзига тўқ яшарди. 2000 йиллардан бошлаб одамлар Россияга ишлашга кета бошлагандан сўнг ўқитувчи ҳам одамми деган даражагача бориб қолди.

Умумий савия ва билимга интилиш сусайган бўлса-да, билимга чанқоқ ёшлар талайгина. Аммо аввалгидай 30та болани ичида 20та фаол бўлганидай эмас. Комрон деган ўқувчим бор эди, озгина нарсани жуда катта қилиб қабул қиларди, ўзим ўқитган ўқувчиларим ичида 5та шундай болани кўрдим. Ўтган йили бир ўқувчим республика олимпиадасида 2-ўринни олди, у энди 8-синфдан 9га ўтди.

Бола билан соатлаб ўтиришга тўғри келади, уриниш керак, шунинг учун ҳам ўқитувчининг меҳнати оғир.

«Дарсликлар алоҳида мавзу»

– Мустақилликнинг дастлабки йилларида чиққан китоблар энг яхши китоблар эди. Кейинги йилларда уларни соддалаштириб, қийин жойларини олиб ташлаймиз, деб дарсликлар савиясини анча пасайтириб қўйишди.

Ҳозирда ўқитилаётган дарсликларни мақтаб бўлмайди. Дизайнга урғу берилган, чиройли кўринишли қилиб ишланган, лекин ичида матнларда хатоликлар кўп. Ҳатто ўзбек тилида ёзувда, яъни имлода хато кўп, масалалар ярми қолиб кетган ўринлар бор.

Буни илмий хатоликлар деб айтолмайман, аммо баъзида матнни ўқиб тушунмай қоламиз. Айниқса, геометрия дарсликларининг оқсоқ жойлари талайгина. 7-синфини бир олим ёзса, 8 ёки 9-синфига бошқаси муаллиф, 10-11га эса тамоман ўзга муаллиф ва улар ораси боғланмай қолган.

Бу ҳали бир фан доирасидаги ҳодисалар. Бундан ташқари, математикани физикага ёки биологияга боғлайдиган жойлари ҳам бор-да, дарсликларда бу акс этиши зарур.

Бундан ташқари, дарсликларга қўшилаётган қоидалар ҳам бор, 6-7-синфларга эҳтимоллар назарияси, графлар назарияси кабилар қўшиляпти. Энди ўқиб кўрадиган бўлсак, биз ҳам 3-4 марта ўқиб кўрмасак, нима деяётганини тушунмай қоляпмиз. Чунки битириб келганимиздан буён ўша назариялар билан шуғулланмаганмиз. Ўзингиз тушунмагандан кейин ўқувчига қандай етказиб берасиз.

Шунингдек, олийгоҳнинг юқори курсларида ўтиладиган вариацион ҳисоб, математик статистика деган мавзулар 11-синф китобига қўйилган. Мана шуларни ўқитиш, ўқувчига тушунтиришда қийналамиз, албатта. Катта тажриба билан мен шунчалик бўляпманми, янги битириб бир-икки йил ишлаган ёшлар ҳолини билаверинг. Шундай бўлгандан кейин баъзилари ўша мавзуни ўтмайди, баъзилари ўтдим, тушунмади, нима қилай, деб туради.

Бир куни Қаршидан бир ўқитувчи қўнғироқ қилди, мен ҳам 20 йилдан бери дарс бераман, фалон-фалон бўлимларни ўқитолмаяпман, дейди. Бунга яна бир сабаб – 11 йиллик мактаблар тугатилганда, орада анча вақт 10-11-синфни ўқитадиган ўқитувчилар дангаса бўлиб қолди.

«Тестларни мураккаблаштирган билан ўқувчи илмли бўлиб қолмайди»

– Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларидаги тестлар ҳақида роса кўп гапирилади, муҳокама бўлади, лекин енгиллатишга келганда натижа кам. Тест тизими йўлга қўйилганда тестлар категориясига кўра яхшироқ тақсимланган, деб ўйлайман. 1-2-категория учун 15тадан тест саволи ажратилган бўлса, 3-4-категория учун 3тадан тўғри келарди. Кейинчалик шу 3-4-даражалари кўпайиб кетди. Ҳатто 2016-2017 йилги тестларда унча-мунча ўқитувчи бажаролмайдиган ҳолатга келди.

Шпаргалкалар авж олган замонларда фақат тайёр жавобга таянилган, ишлаш имкони бўлмаган мисоллар ҳам кўп қўйилди.

Аввалги йиллари тест маркази чиқарган намунавий тестларни, баъзи бир мисолларни ойлаб ўйлаганмиз. «Математика в школе» деган журнал бор эди, шуни титиб охири шунақа мисолни топгандим. У 1985 йили Россия Федерациясининг республика олимпиадасига қўйилган мисол экан.

Бу йил тестлар осонлаштирилади дейишяпти. Қанчалик содда бўлади, билмайман. Лекин соддароқ бўлса, ўқувчи учун яхши бўлади деб ҳисоблайман. Тестларни ўқувчини билимдон қиламиз, деб қийинлаштирган билан бола илмли бўлиб қолмайди. Қайтанга, дарсликларни қийиндан соддага олиб бориш керак.

«Фан олимпиадаларидаги энг ачинарли ҳол – ўқитувчи ўқувчисига масалани ечиб бериб ўтирса...»

– Фан олимпиадаларининг шаффоф тарзда ўтаётганлари билан бир қаторда ёлғончиликдан иборат бўлганлари ҳам талайгина. Қарийб 40 йилдан бери математика ўқитувчисиман, ўқувчиларимни олимпиадаларга олиб бораман. Туман ва вилоят миқёсидаги бу каби фан мусобақаларида айниқса, кўпгина ноҳақликларни кўриб келаман.

Ҳозир сиз билан суҳбатлашишдан олдин фан олимпиадасида ўқувчим иштирок этди. Энг ачинарлиси, баъзи ўқитувчилар ўқувчиларга мисол масалани ечиб бериб ўтирибди. Республика босқичи кейинги йилларда яхши бўлиб қолди, ҳар ҳолда, юқори ўринлар сотиб юборилмаяпти.

Рустамов Комрон деган ўқувчим ҳар йили вилоят олимпиадасидан 2-ўрин билан қайтарди. Энг зўри шу экан дейишарди-ю, лекин 1-ўрин берилмасди. Нега деб сўрасангиз, ҳа, буни эгалари бор, деб жавоб берарди. Мана шундай даврлар ҳам ўтди-да. Шунақа ўйинлар сабаб «Қаршини забт этиш» қийин кечган.

2001 йили Бўтаев Жасурбек деган ўқувчимни олиб бордим. 10-синф пайтидаёқ математикадан мисол-масалалар тўпламини ишлаб чиққан. ҚарДУ домласи ҳеч кимга ишонмай, ўзи китобдан олиб масала қўйди. Эртаси куни: «Сени ўқувчинг бундай бўлиши мумкин эмас, 80дан 74 балл оладими», деяпти. Мен унга айтдим: «Масалани ўзинг олиб келиб қўйдинг, ҳеч ким кўргани ҳам йўқ». Шу йигит вилоятда биринчи ўринни олди, лекин республикада қатнаштирилмади, ўрнига олиб борилган ўқувчи эса нол балл билан қайтганди.

«Ўқитувчи боланинг нимага қобилияти борлигини сеза олиши муҳим»

– 90-йилларда бўлган эди, бир аёл ўғлини олиб келди: «Математикани ўқитиб беринг, у банкир бўлиши керак», деди. Бола мактабни битирган, ўқишга киролмай қайтиб келган экан.

Ўқувчининг даражасини билиш учун савол бера бошладим: 11-синфдан охири карра жадвалигача келдим – жавоб йўқ. Онасига қарадим, билмайман, ўқитасиз, деди. Балки ҳаяжонланганми деб дарс кунини белгилаб ўқита бошладим.

Тажрибамдан биламанки, баъзи болалар ўқитилмаган бўлади. Буни қарангки, ўша йигит икки ойда жуда кўп нарсани ўрганди, тригонометрик тенглама ишлаш даражасига чиқди. Ўзим ҳам ҳайрон қолганман.

Энди худди шунинг тескариси бўлган воқеани айтиб бераман. Бир йили бир йигит менга математикани ўқитинг, молиячи бўламан, деб келди. Ўқишни бошлади, орадан 2-3 ой ўтди, лекин ўзгариш йўқ, топшириқлар чала бажарилади, хуллас, молиячи бўлишига лаёқатни кўрмадим. Бир куни дарсдан чиқариб, сени соҳанг бошқага ўхшайди, қўй шу молияни деб, ўзим бошқа ўқитувчига олиб бориб қўйдим. Бу сени ўқувчинг экан, менда адашиб юрибди, деб озроқ кулишдик. Орадан анча йил ўтди, менинг эсимдан ҳам чиқиб кетганди, бир куни ўша йигит келибди. Ўзини танитгач, ҳа мени ургани келдингми, деб ҳазиллашдим. Йўқ, раҳмат айтгани келдим, дейди. Таржимонлик бўйича ўқибди ва шу соҳасидан кетган экан.

Боланинг нимагадир қобилияти албатта бўлади. Уни топа олиш касбига фидойи педагогнинг хислати дейиш мумкин. Ўқитувчи хоҳ мактабда, хоҳ репетиторда ўқитсин, ўқувчининг лаёқатини аниқлаб, касбга тўғри йўналтира олиши керак. Бу ҳам ўқитувчи зиммасидаги масъулиятлардан бири.

Мактабда болага сен одамларни хизматини қиладиган мардикор эмас, деган фикрларни сингдириш керак. Ишчи кучи кўп, иш бандлиги кам деб мардикорлик қилиб юриш ярамайди. Ёш пайтидан Россия ёки бошқа давлатга бориб оддий ишчи бўлиб ишлашни эмас, ўша юртларда ўқиш, тажриба орттиришни ўйласа, бу ҳақиқий ютуқ. Яъни ўқувчига мақсад қўя олишни ўргатиш уни тўғри йўналтириш билан бўлади. Болам қайгадир бориб ишлаб ёки ғишт қуйиб, бировни молини боқиб пул топиб келсин, деган ўйдан ота-онани ҳам қутқариш зарур.

«Аттестациядан ўтолмаса, ўқитувчига чора кўриш керак»

– Аттестация тизимида ҳам қаттиққўллик ва жазо чораларини кўриш лозим. Кўп бора аттестацияга борганмиз. Юзлаб ўқитувчини олиб боради, ичида тайёргарлик кўргани, фанини чуқур билгани ҳам, савияси пастлари ҳам бўлади. Аттестациядан 20-25 нафари ўтди, дейилади. Лекин ҳалигача биронта одамга сен ўтолмадинг, ишламайсан, дея олгани йўқ-да.

Чора кўролмаса, аттестациядан ўтказишга олиб боргани нега керак? Чора кўрилмаса, ўша ўқитувчи эртага барибир болани ўқитмайди, ўқитолмайди.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Мавзуга оид