Ўзбекистон | 23:04 / 03.07.2020
33144
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ раиси ўринбосари Соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлди

Соғлиқни сақлаш вазирига яна бир ўринбосар тайинланди.

«Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарорига асосан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига Азизов Абдулла Абдисаламович тайинланди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Абдулла Азизов 1981 йилда туғилган. 2003 йилда Япониянинг Нагоя университетини, 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган.

Шунингдек, Даниянинг Орхус университети магистратурасини, Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган. 

2006–2019 йилларда Данияда қатор нуфузли компанияларда масъул лавозимларда ишлаган.

У 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида иш бошлаганди.

Шу тариқа, бугуннинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирига тўрт нафар янги ўринбосар тайинланди.

Бунгача Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов лавозимини тарк этгани, президент 3 июлдаги тегишли қарорларига асосан Улуғбек Собиров, Элмира Боситхонова ва Шоҳрух Шораҳметов Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарларига айлангани хабар қилинганди.

Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирининг жами 7 нафар ўринбосари бор:

  • Баҳодир Юсупалиев - Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори;
  • Абдуҳаким Ҳожибоев - Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори;
  • Элмира Боситхонова - Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари; 
  • Улуғбек Собиров - Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари;
  • Шоҳрух Шораҳметов - Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия масалалари;
  • Абдулла Азизов - Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Мавзуга оид