Ўзбекистон | 22:36 / 03.07.2020
44936
2 дақиқада ўқилади

Элмира Боситхонова Соғлиқни сақлаш вазирлигига қайтди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига айланди.

Президентнинг 3 июлдаги тегишли қарорига асосан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига Элмира Эркиновна Боситхонова тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Элмира Боситхонова 1958 йилда туғилган, 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг «даволаш иши» йўналишини тамомлаган, тиббиёт фанлари доктори. Фаолиятини Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасида бошлаган, 1981-2011 йилларда шифокор-интерн, анестезиолог-реаниматолог, бўлим бошлиғи, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси бош шифокори.

2011-2016 йилларда Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, кейин Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимига ўтказилган Элмира Боситхонова 2019 йилнинг ёзида яна ҳукумат аъзолигига қайтарилган, 2020 йилнинг январида лавозимга қайта тасдиқланганди.

У 2020 йил февралидан буён Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Шунингдек, кейинроқ Улуғбек Собиров ва Шоҳрух Шораҳметов ҳам соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бундан ташқари, ДСҚ раиси ўринбосари соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлди.

 

Мавзуга оид