Ўзбекистон | 13:34 / 03.07.2020
20177
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат цемент импортини енгиллаштириш топшириғини берди

Цементга бўлган талабнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилмаётганлиги сабабли импорт цементга ҳам эҳтиёж ошмоқда. 

Фото: Getty Images

Жорий йилнинг 2 июль куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда цемент маҳсулотини импорт асосида олиб киришда мавжуд нотариф тўсиқларни бартараф этиш, бунда сифатсиз цемент импорт қилувчиларни жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли қарор лойиҳасини тез кунларда киритиш топшириғи берилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда цемент бозорида таклиф даражасини кўтариш ва ички бозорни узлуксиз равишда цемент билан таъминлаш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига шундай топшириқ юклатилган.

Билдирилишича, цемент импорти бўйича чекловлар бекор қилинганлигига қарамасдан, жорий йилнинг июнь – июль ойларида биржанинг цемент бозорида талабнинг сезиларли даражада ўсиши натижасида нархларнинг ошиши ҳолатлари кузатилмоқда.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида биржада барча маркали цементнинг нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 502,0 минг сўмдан 797,0 минг сўмгача, яъни 59 фоизга ўсди. Нархларнинг ўсиши асосан жорий йилнинг май–июнь ойларига, яъни қурилиш мавсумининг бошланиш даврларига тўғри келмоқда.

Цементга бўлган талаб ва нархларнинг ошишига амалга оширилаётган қурилиш ишларининг фаоллашуви ва жадаллашуви ҳамда цемент маҳсулоти импорти ҳажмларининг камайганлиги сабаб бўлмоқда.

Ҳукумат топшириқларига асосан цемент нархининг шаклланишига биржа томонидан ҳар бир харидор учун 114,0 тонна миқдоридаги кунлик лимитнинг қўлланилиши ўз ижобий таъсирини кўрсатиб, ўтган савдоларда цемент маҳсулотини харид қилган иштирокчиларнинг сони деярли икки баробарга кўпайиб, 540 нафарни ташкил этди.

2020 йилнинг 26 июнь куни 1 тонна цементнинг ўртача нархи 797,0 минг сўмни ташкил этган бўлса 30 июнь кунига 728,9 минг сўмни ташкил этди (8,5 фоизга арзонлашган).

Бироқ, мазкур тадбир ҳам цементга бўлган талабнинг юқорилиги сабабли нархларни сезиларли даражада туширилишига ва талабнинг қондирилишига етарлича таъсир этмади.

Цементга бўлган талабнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилмаётганлиги сабабли, импорт цементга ҳам эҳтиёж ошмоқда. Лекин, бу ҳолатда ҳам тадбиркорлар маълум қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

Хусусан, бугунги кунда ГОСТ 31107-2016 ва ГОСТ 10178-85 меъёрий ҳужжатлари талабларига асосан импорт асосида олиб кирилган цемент маҳсулотини божхонада расмийлаштириш учун 28 кун лаборатория синовларидан ўтказилади ҳамда ижобий лаборатория хулосаси мавжуд бўлган тақдирда ички бозорда реализация қилинади. Бунинг ҳисобига импортидан цемент маҳсулотини олиб кириш ҳажмлари олдинги даврларга нисбатан сезиларли камайган, дейилади қўмита хабарида.

Мавзуга оид