Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси янги раҳбари ўзининг устувор вазифаларини айтиб ўтди
Уч йил ичида Жаҳон банкининг Ўзбекистонга киритган сармояси $1,8 миллиарддан $4,4 миллиардга кўпайди.
1 июлдан Марко Мантованелли Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида ўз фаолиятини бошлади. У 2017 йил март ойидан бери идорани бошқариб келаётган Хидеки Мори ўрнини эгаллади.
«Жаҳон банкининг раҳбари сифатида Ўзбекистонда ўз миссиямни бошлашдан мамнунман. Бизнинг ташкилотимиз мамлакатнинг рақобатбардош ва барқарор бозор иқтисодиётига тарихий ўтиш жараёнида ҳукуматнинг ишончли ҳамкори. Мен ислоҳотларни янада осонлаштириш учун ҳукумат ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорлик қилишни умид қиламан. Жаҳон банки турли хил ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қўшимча молиялаштириш, махсус билим ва маслаҳат бериш орқали Ўзбекистондаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Келгуси йил ҳукумат билан биргаликда биз янги Ҳамкорлик дастурини тайёрлашни бошлаймиз. У 2022-2026 йилларда Жаҳон банкининг Ўзбекистонга кўрсатадиган молиявий ва техник ёрдамининг устувор йўналишларини аниқлайди», - деди Марко Мантованелли.
Жаҳон банки 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кенг кўламли ўзгаришлар бошланганидан бери давлатни қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада оширди. Уч йил ичида Жаҳон банкининг мамлакатга киритган сармояси $1,8 миллиарддан $4,4 миллиардга (2020 йил июнь ойи бўйича), икки баравар кўпроқ кўпайди. Ушбу ўсиш ҳукуматнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодиётни ва жамиятни ўзгартириш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ.
Сўнгги бир неча йиллар ичида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури тез суръатлар билан ривожланиб, Европа ва Марказий Осиёда операциялар ҳажми бўйича Туркиядан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳозирги вақтда дастур 23 та лойиҳани ўз ичига олади ва ҳукуматга иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш соҳаларида ислоҳотларни амалга оширишда кўмак беради.
Коронавируснинг Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банки сўнгги бир неча ой ичида пандемияга қарши курашда ҳукуматга қўшимча ёрдам кўрсатди. Апрель ва май ойларида фавқулодда ҳолатларда $295 миллион миқдорида маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, ҳаётий зарур тиббий жиҳозларни сотиб олишга, пандемиянинг иқтисодий оқибатларидан ва пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан азият чеккан кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга сарфланади, шунингдек инқирозга қарши шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ бюджетнинг кутилмаган харажатларини қоплаш учун сарфланади.
«Келгуси ойларда менинг асосий вазифам пандемиянинг Ўзбекистон фуқаролари ва иқтисодиётига таъсирини юмшатиш бўйича ҳукуматга Жаҳон банкининг имкон қадар қўллаб-қувватловини таъминлаш бўлади», - деди Мантованелли.
Мавзуга оид
17:27 / 06.11.2024
Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади
22:46 / 26.10.2024
Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
17:43 / 18.10.2024
“Қарз олинганига яраша, иқтисодий кўрсаткичлар барқарор бўлиши лозим” — Жаҳон банки катта иқтисодчиси
08:20 / 18.10.2024