Жамият | 15:30 / 04.07.2020
16830
3 дақиқада ўқилади

ДХХ «жиҳодчилар» гуруҳлари фаолиятига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида ўтказган тезкор тадбирлари натижасида жами аъзолари 25 нафар бўлган иккита яширин “жиҳодчилар” гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. 

Гуруҳларнинг бири 2019 йилнинг май ойида ташкил этилиб, унга етакчилик қилган шахс ўтган йилнинг ноябрь ойида Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилган. 

Иккинчи гуруҳ эса муқаддам экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаб чиққан фуқаро томонидан тузилган.

Дастлабки суриштирув жараёнларида маълум бўлишича, биринчи гуруҳ аъзоларининг аксарияти ҳозирда Суриядаги жангарилар сафида бўлган ўз етакчиси билан интернет орқали мунтазам равишда алоқа қилиб турган.

Ўзаро йиғинларда гуруҳлар аъзолари диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, “Абу Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий”ларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш тўғрисидаги аудио-видео маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, “Жиҳодчилар” оқими ғояларини ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келишган.

1968-2002 йиллар оралиғида туғилган мазкур шахсларнинг 3 нафари аввал экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар содир этганликлари учун жавобгарликка тортилган бўлсалар-да, қилмишларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.

Мазкур гуруҳлар аъзолари орасида хусусий нашриёт раҳбари, тиббиёт ходими, араб тили курси ўқитувчиси, умумий овқатланиш муассасалари ишчилари ва тижорат ишлари билан шуғулланувчи шахслар бор.

Ҳар икки гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув тадбирлари давомида 200 дан ортиқ норасмий диний адабиётлар ва варақалар, шунингдек, компьютер, ноутбук, планшет, мобил телефон, флеш-карта ва DVD дисклар борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди. 

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаларига кўра “Абу Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий”ларнинг маърузалари ақидапарстлик ғоялари билан йўғрилганлиги ва мамлакатимиздаги конституцион тузумни қонунга хилоф тарзда ўзгартиришга қаратилганлиги боис, уларни республикамиз ҳудудига олиб кириш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланади ҳамда Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, дейилади ДХХ хабарида. 

Мавзуга оид