Жамият | 09:00 / 04.07.2020
7524
3 дақиқада ўқилади

“Самарқандйўлкўкалам” унитар корхонаси: йилига ўртача 34 мингта манзарали кўчат ва буталар экиляпти

Президентнинг 2017 йил 11 сентябрдаги “Автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ва архитектура-ландшафт жиҳатдан тузиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Самарқандйўлкўкалам” унитар корхонаси ташкил этилган.

Ушбу корхона Самарқанд вилояти умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва уларнинг конструктив элементларини ноқулай об-ҳаво ҳамда эрозиядан ҳимоя қилиш йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни транспорт воситаларининг булғаши ва ташланмалардан муҳофаза қилиш, йўл бўйларини архитектура-ландшафт дизайн асосида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини олиб боряпти.

"Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ботаника институти мутахассисларининг тавсияси асосида 2018-2019 йиллар давомида Самарқанд вилояти умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларига 79 000 дан ортиқ Элдар қарағайи, Можжевельник, Сафора, Катальпа, Туя, Клён, Ясень, Жийда, Тут ва бошқа шу каби 25 турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 17 000 дона манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Ҳозирги вақтда корхонамизда 218 нафар ишчи-ходимлар коронавирус пандемияси сабабли карантин талабларига тўлиқ риоя этиб, меҳнат қиляпти. Корхонада янги иш ўринлари яратиш доимий назоратимизда бўлиб, жорий йилнинг 1- ярим йиллигида 67 нафар ишчи-ходимларни ишга қабул қилдик. Вилоятимизнинг 12 та туман-шаҳарларида участкалар ташкил қилинган, улар автомобиль йўллари яшил минтақаларига сифатли узлуксиз хизмат кўрсатиб келишяпти.

Буларнинг натижасида автомобиль йўллари ёқаларида экилаётган манзарали дарахт ва бута кўчатларидан автомобиль йўллари янада ободонлашиб, яшил минтақалар ҳосил бўлмоқда. Бу ўз навбатида транспорт ҳаракат хавфсизлигига ва ҳудуднинг экологиясига ижобий таъсир кўрсатяпти.

Дарахт экиш, боғлар яратиш хайрли ва савоб иш, экилган ниҳолларни парваришлаш, вояга етказиш катта меҳнат, вақт ва маблағ талаб қилади. Шундай экан, мавжуд яшил минтақаларни авайлаб асраш, уларга зарар етказмаслик ҳар биримизнинг бурчимиз",  дейди “Самарқандйўлкўкалам” унитар корхонаси раҳбари Азиз Раджабов.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, “Самарқандйўлкўкалам” унитар корхонаси йилига вилоят бўйлаб ўртача 34 мингта манзарали дарахт ва бута навларини экиб келяпти. Ўз навбатида, бу саъй-ҳаракатлар йўл ёқаларида чанг кўтарилишининг олдини олиб, ернинг ортиқча намлигини йўқотади. Бу эса асфальт чидамлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Корхона йўл четларига экилган манзарали дарахт ва бута кўчатларини сақлаш, парваришлаш ишларида (ўсиш самарадорлигини ошириш, зараркунанда ҳашаротларга қарши, озиқлантирувчи дори воситалар билан ишлов бериш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ҳ.к) агрокимёвий тадбирларни амалга оширишда “Агрокимё лаборатория” унитар корхонасининг тегишли хулосаларига асосан иш олиб боряпти.

“Самарқандйўлкўкалам” унитар корхонаси Матбуот хизмати 

Мавзуга оид