Жамият | 10:18 / 04.07.2020
22991
4 дақиқада ўқилади

ЙҲХБ фуқарога “жарима”ни тўлади. Аммо ижрони кечикишига сабаб бўлган мансабдорлар жазоланадими?

Жорий йил 1 июль куни Kun.uz`да «Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси «жарима» тўламайдими?» номли мақола эълон қилинганди.

Унда Оқдарё туманида яшовчи фуқаронинг ЙҲХБ инспектори томонидан асоссиз жаримага тортилгани ҳамда фуқаро суд тартибида ўзининг ҳақлигини исботлагани, аммо унга моддий ва маънавий зарар суммасини ундиришга оид суд қарори мавжуд бўлса-да, ушбу сумма Самарқанд вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тўлаб берилмаётгани танқид қилинганди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Kun.uz га хабар қилишича тегишли суднинг ҳал қилув қарорига асосан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида шу йилнинг 2 июлида (мақола эълон қилингандан бир кун ўтиб) вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи номига 10-21164/20-сонли талабнома юборилган. 

Талабномага кўра шу йил 3 июл куни Самарқанд вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 398-сонли тўлов топшириқномасига мувофиқ фуқаро Нормурод Жўраевнинг фойдасига 2 210 500 сўм тўлаб берган.

Шу билан қарийб икки йил давомида сарсон қилинган фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди, адолат қарор топди. Аммо, масалани бошқа бир жиҳати диққатни тортмоқда. Суднинг ҳал қилув қарори шу 27 февралда кучга кирган. Бироқ орадан 3 ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлишига қарамай суд қарори ижро этилмаган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси биринчи қисмига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (2 223 000 сўм)га тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг мазкур ҳужжатни ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги мансабдор шахсларга 1 115 000 сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ундирувчи Н.Жўраевга доир ижро ишининг ўз вақтида таъминланмаганлигига учта ҳолатдан бири сабаб бўлган бўлиши мумкин. Биринчиси, давлат ижрочиси белгиланган тартибда қарздор – Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБга ижрони таъминлаш учун ихтиёрий муддат белгилаган, лекин бошқарма бу талабни жавобсиз қолдирган. Агар шундай ҳолат юз берган бўлса вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи МЖтКнинг юқорида қайд этилган моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлади.

Иккинчи ҳолатда борди-ю, МИБ томонидан ижро ҳужжатини таъминлаш чоралари кўрилмай, ўз вақтида қарздор томонга тегишли талабнома киритилмаган бўлса, у ҳолда ижро иши учун масъул бўлган давлат ижрочиси белгиланган тартибда интизомий жазога тортилиши лозим.   

Учинчи ҳолат ҳам борки, бунда суд томонидан ижро ҳужжати ўз вақтида МИБга юборилмаган бўлиши мумкин. Шундай бўлиб чиқса суднинг тегишли масъул ходими бу борада тушунтириш беришига тўғри келади.

Зеро, ҳеч кимнинг қонун барча учун баробар бўлган жамиятда яшаётганлигимизни унутишга ҳаққи йўқ. Бу масалада масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров
Анвар Мустафоқулов

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид