Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Формула-1”нинг 6 пойгачиси ирқчиликка қарши кураш белгиси сифатида тиз чўкишни истамади
“Формула-1” пойгасининг жорий мавсумдаги илк босқичи – Австрия гран-присида иштирок этаётган 6 пойгачи ирқий таҳқирлашга қарши кураш белгиси сифатида тиз чўкишни истамади.
Бироқ шу билан бирга, барча пойгачилар ирқчиликка қарши чақирувчи ёзувлар туширилган футболкаларда бўлган. Тиз чўкишни истамаган пойгачилар орасида “Альфа Таури” жамоаси пойгачиси Даниил Квят, “Макларен” пойгачиси Карлос Сайнс, “Альфа Ромео” пойгачилари Кими Райкконен ва Антонио Жовинацци, “Ред Булл” пойгачиси Макс Ферстаппен ва “Феррари” пойгачиси Шарль Леклер бўлган.
Пойга бошланишидан олдин Ферстаппен ва Леклер ирқчиликка қарши курашни қўллаб-қувватлашларини, бироқ тиз чўкмасликларини маълум қилишган.
“Мен турли давлатларда зиддиятли қабул қилиниши мумкин бўлган расмий белгиларни эмас, балки ҳар кунги ҳаётимиздаги хатти-ҳаракатларни муҳимроқ деб биламан. Мен тиз чўкмайман, бироқ бу менинг бошқаларга нисбатан ирқчиликка қарши курашни камроқ қўллаб-қувватлашимни англатмайди”, деб ёзган Леклер.
Пойгачиларнинг ирқчиликка қарши норозилик билдириши акцияси Black Lives Matter (Қора танлилар ҳаёти муҳим) ҳаракати доирасида бўлиб ўтган. Ушбу ҳаракат АҚШда қора танли Жорж Флойд ўлимидан кейин юз берган норозиликлар ва тартибсизликлардан кейин эътиборга тушганди.
Коронавирус пандемияси сабабли “Формула-1”нинг 2020 йилги мавсуми сезиларли ўзгаришларга учради. Дастлаб пойга Австралияда март ўрталарида старт олиши керак эди. Бироқ ушбу босқич ҳамда Монако, Озарбойжон, Сингапур, Япония, Нидерландия ва Франциядаги босқичлар бекор қилинган.
Шунингдек, Хитой, Баҳрайн, Вьетнам ва Канададаги босқичлар ҳам номаълум муддатга қолдирилган. Айни вақтда пойга раҳбарияти 8 та босқичдан иборат тақвимни эълон қилди. Бу босқичларнинг барчаси томошабинларсиз ўтади. Австриянинг Шпильберг трассасида 3-5 ва 10-12 июль кунлари ҳамда Британиянинг Сильверстоун трассасида 31 июль-2 август ва 7-9 август кунлари иккитадан босқич ўтказилади. Шунингдек, Будапештда 17-19 июлда, Барселонада 14-16 августда, Бельгиянинг Спа трассасида 28-30 августда ва Италиянинг Монца шаҳрида 4-6 сентябрда пойгалар бўлиб ўтади. Шунингдек, Сочида кузда яна иккита босқич ўтказилиши мумкин.
Дастлабки тақвим бўйича рекорд сондаги 22 та пойга ўтказилиши режалаштирилганди. Аввалги мавсум натижаларига кўра, британиялик пойгачи Льюис Ҳэмилтон чемпион бўлганди.
Мавзуга оид
20:33 / 04.06.2026
Жаҳон чемпионатида ирқчилик ҳолатлари юз берса, ўйин бутунлай тўхтатилади
16:53 / 04.06.2026
Буюк Британияда 18 ёшли талаба ўлими туфайли намойиш ва тартибсизликлар рўй берди
22:01 / 09.12.2025
Ўзбекистонда «Формула-1» пойгалари босқичини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди
20:06 / 05.10.2025