Спорт | 00:15 / 05.07.2020
10479
2 дақиқада ўқилади

Роналду «Ювентус» сафида 44-уринишда жарима зарбасидан гол урди

Фото: Getty Images

Италия чемпионати 30-туридан ўрин олган «Ювентус» ҳамда «Торина» жамоалари ўртасидаги Турин дербисида «оқ-қоралар» ҳужумчиси Криштиану Роналду 61-дақиқада жарима зарбасидан гол урди. Бу португалиялик ҳужумчининг А Серия жорий мавсумидаги 25-голи бўлди.

Роналду «Ювентус»га келганидан буён илк марта Турин клуби сафида жарима зарбасидан гол урди. У янги жамоаси сафида 43 марта жарима зарбаларини амалга оширган ва гол ура олмаётганди. Шу тариқа Роналду расмий ўйинларда «Ювентус» сафида илк марта Турин дербисида жарима зарбасидан гол урди.

2019 йил июль ойида Роналду «Ювентус» сафида «Интер» дарвозасига жаримадан гол урган, аммо расмий ўйинда эмас, халқаро чемпионлар кубоги мавсумолди турнирида. Расмий ўйинларда Роналду охирги марта 2019 йил ёзда миллатлар лигаси ярим финалида Швейцария дарвозасига жаримадан гол урганди.

Роналду Швейцарияга қарши ўйинда жарима зарбаларидан гол уролмаслик бўйича 45 уринишдан иборат серияни бузганди. Унгача ҳужумчи ЖЧ-2018 гуруҳ босқчида Испания дарвозасига жаримадан гол урган. Клуб миқиёсида эса охирги марта 2017 йил декабрда «Реал» сафида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида «Гремио» дарвозасини жаримадан ишғол қилган. Қизиғи, «Гремио» билан ўйингача ҳам Роналду 11 ой давомида жарима зарбаларидан гол уролмаганди.

Мавзуга оид