Ўзбекистон | 21:35 / 06.07.2020
6857
9 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари учун тендер ва танлов савдолари ғолиблари бенефициарлари тўғрисидаги ахборотларни ошкор қилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Президент фармони билан қуйидагиларни назарда тутувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаши натижалари асосидаги хулосалари мавжуд бўлсагина белгиланган тартибда қабул қилиниши белгилаб қўйилмоқда:

  • хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилишни;
  • рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этишни;
  • юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни оширишни;
  • хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий қилишни;
  • хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, преференцияларни белгилаш, шунингдек янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқларни беришни.

2021 йил 1 январдан бошлаб ўрнатиладиган тартибга кўра:

а) давлат харидлари ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг харидлари ижрочилари:

  • тендер ва танлов савдолари ҳамда энг яхши таклифларни танлаб олиш якунлари бўйича ғолиб деб расман эълон қилинган кундан ёки тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки кун мобайнида давлат харидлари махсус ахборот порталида тегишли маълумотларни жойлаштириш орқали бевосита ёки билвосита 25 фоиз ёки ундан кўп акцияларга (улушга) ҳақиқатдан назорат қилишга эга бўлган ўзининг якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) тўғрисидаги ахборотларни ошкор қилишлари;
  • ўзларининг веб-сайтларида ва махсус ахборот порталида доимий асосда тендер ва танлов ҳамда энг яхши таклифларни танлаб олиш тартиб-таомиллари ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича имзоланган шартнома мажбуриятлари бажарилиши ҳақидаги маълумотларни жойлаштириб боришга мажбур.

б) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, табиий монополия субъектлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек охирги уч йилда товар сотишдан олинган жами тушумининг ўртача йиллик миқдори 30 миллиард сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачиларда фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хавфларини аниқлаш ва олдини олиш;

  • бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизими (монополияга қарши комплаенс) жорий этилади, бунда ушбу тизим:
  • 2021 йил 1 январдан бошлаб тажриба (синов) тариқасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида ҳамда 5-иловага мувофиқ давлат иштирокидаги корхоналарда;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб ушбу кичик бандда белгиланган мезонларга жавоб берадиган барча субъектларда жорий этилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар:

  • халқаро тажрибани ўрганиш асосида ва рақобат муҳитини шакллантириш механизмини тубдан такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги ва «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунларини бирлаштирган ҳолда ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқади;
  • эркин рақобат муҳитини олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва уни ривожлантиришни назарда тутган ҳолда амалдаги қонун ҳужжатларига ўрнатилган тартибда ўзгартириш ва қўшимчаларни киритади.

Шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда иштирок этаётган аффилланган шахсларни аниқловчи электрон тизим жорий этилади

Президент фармонига кўра, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор бўлиши белгилаб қўйилаётган Монополияга қарши курашиш қўмитаси:

а) бир ой муддатда рақобатни таъминлаш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини тубдан такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади;

б) 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунларига давлат буюртмачилари ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлган шахсларга, шунингдек ўзининг якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаган ёки улар тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этган давлат харидлари ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар харидлари ижрочиларига тендер ва танловдаги энг яхши таклифларни танлаб олиш тартиб-таомиллари ҳамда тўғридан-тўғри музокараларда иштирокини тақиқлашни ва бундай қонун бузилиши ҳолатлари учун жавобгарликни белгилаш тўғрисида таклиф киритади;

в) Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

  • 2020 йил 1 октябрга қадар давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларини ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш)да дастлабки розилик олиш тартиби тўғрисидаги низомни;
  • 2020 йил 15 октябрга қадар харидлар жараёнида давлат буюртмачилари ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар ўзларининг аффилланган шахслари ҳақидаги, шунингдек харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари томонидан ўзларининг манфаатдор шахслари ҳақидаги маълумотларни мажбурий ошкор этиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади.

г) Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар тақдим этилган имтиёз миқдорларини кутилаётган натижалар ва олинган мажбуриятларга, Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва рақобат муҳитига таъсири даражасини тизимли равишда мониторингини юритиш ва самарадорлигини баҳолаш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

д) Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли орқали харидларни амалга оширишни тўлиқ электрон шаклда, Интернет тармоғи орқали онлайн тарзда амалга оширишга ўтказишни таъминлайди;

е) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда халқаро молиявий ташкилотларнинг, шу жумладан Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагини жалб қилиш орқали:

  • Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилотининг (ОЭСР) Товар бозорларини тартибга солиш Индекси (Product Market Regulation-PMR) асосида республикада иқтисодиётнинг барча тармоқларида рақобат муҳити диагностикасини амалга ошириш методологиясини ишлаб чиқсин ҳамда хорижий амалиёт асосида монополияга қарши курашишнинг янги самарали инструментларини жорий қилади;
  • янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисидаги» қонуни лойиҳасини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ва услубий қўлланмаларни ишлаб чиқишда етакчи халқаро экспертларни жалб қилади;
  • ривожланган давлатларнинг монополияга қарши курашиш органлари, шу жумладан Халқаро рақобат тармоғи (International Competition Network) билан рақобатни ҳимоя қилишдаги долзарб масалаларнинг муҳокамасини амалга оширишда тизимли мулоқотни ўрнатади;
  • монополлашган соҳаларни таҳлил қилиш ва уларда рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек Қўмитанинг институционал салоҳиятини оширишга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

ж) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар амалдаги маълумотлар базалари билан интеграциялашган ҳолда фойдаланиш имконини берувчи, онлайн режимда товар ва молия бозорларида хусусий тадбиркорлик субъектларининг мавжудлигини, шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда иштирок этаётган аффилланган шахсларни аниқлашга хизмат қилувчи электрон тизимни жорий қилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид