Ўзбекистон | 13:26 / 17.12.2025
1752
3 дақиқада ўқилади

ДХШ қонунчилигида тендер ва тўғридан тўғри музокаралар тартиби ўзгаради

“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасида ДХШ лойиҳаларини амалга оширишда тендер ҳамда тўғридан тўғри музокаралар механизмларини аниқлаштириш ва қайта тартибга солиш таклиф қилинмоқда.

Фото: Getty Imagеs

Қонун лойиҳасида ДХШ механизмлари қачон мажбурий қўлланилиши белгиланмоқда. Хусусан, ижтимоий неъмат хусусиятига эга товар, иш ёки хизматлар бўйича хусусий секторни жалб қилиш, давлат бюджети олдида тўғридан-тўғри ёки шартли (фискал) мажбуриятлар юзага келиши ва давлат ҳамда хусусий шерик ўртасида хатарларни тақсимлаш тамойили қўлланилиши каби талаблар мавжуд бўлса, лойиҳа мазкур Қонун асосида амалга оширилиши шарт этиб белгиланяпти.

Лойиҳада хусусий ташаббускор swiss challenge механизми орқали ДХШ лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ва потенциал давлат шерига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиши кўрсатилган. Потенциал давлат шериги эса концепцияни олгандан сўнг 30 календарь кун ичида уни маъқуллаш, рад этиш ёки маромига етказиш учун қайтариш бўйича қарор қабул қилади.

Агар концепция тасдиқланса, потенциал давлат шериги лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор талабгорларни аниқлаш учун қизиқиш билдириш сўровини эълон қилиши назарда тутилган. Эълонда лойиҳа номи ва қисқача мазмуни, жойлашуви, амалга ошириш даври, режалаштирилаётган капитал харажатлар, хусусий шерик тушум манбалари ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари каби маълумотлар бўлиши керак.

Лойиҳага кўра, агар белгиланган малака талабларига жавоб берадиган талабгорлардан бирортаси лойиҳага қизиқиш билдирса, хусусий шерикни аниқлаш тендер асосида амалга оширилади.

Агар эса қизиқиш билдириш сўрови эълон қилинганидан кейин 30 календар кун ичида ҳеч қандай талабгор чиқмаса, потенциал давлат шериги хусусий ташаббускор билан тўғридан-тўғри музокараларга ўтиши мумкинлиги белгиланган. Шу ҳолатда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасининг қийматидан қатъи назар, ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда, тендер ўтказмасдан битим тузиш механизми таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, қиймати 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган лойиҳаларда қизиқиш билдириш сўрови муддатини ваколатли орган билан келишган ҳолда 90 кунгача узайтириш имконияти ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида бир босқичли тендер ўтказиш бўйича қоидалар ҳам батафсил ёритилган. Жумладан:

  • тендер ҳужжатларини талабгорларга белгиланган муддатда тақдим этиш;
  • тендер таклифларини бериш учун камида 45 кун муддат белгилаш;
  • хусусий ташаббускор тендерда иштирок этмаслиги;
  • талабгор таклифи хусусий ташаббускор таклифидан яхшироқ деб топилса, ушбу шартлар асосида битимни хусусий ташаббускорга таклиф этиш (swiss challenge);
  • хусусий ташаббускор рад этса, битим энг яхши таклиф берган талабгор билан тузилиши каби тартиблар киритилмоқда.

Лойиҳада тендер натижасида битим хусусий ташаббускор билан тузилмаган тақдирда, хусусий ташаббускорнинг лойиҳани тайёрлашга кетган ҳақиқий харажатлари белгиланган тартибда қопланиши, аммо бу миқдор лойиҳа умумий қийматининг 3 фоизидан ошмаслиги кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, ДХШ лойиҳаларида тендер ва тўғридан тўғри музокаралар тартиби, шунингдек swiss challenge механизми амалий жиҳатдан янада аниқ ва бир хил қоидалар асосида қўлланиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид