Жамият | 19:01 / 06.07.2020
43475
8 дақиқада ўқилади

Китобдаги «Мингчинор» пости машиналарни ўтказмай сарсон қилмоқда: бу оғзаки топшириқми ёки расмий чора?

Ҳайдовчилар таҳририятга халқаро йўлнинг Қашқадарё вилоятидан ўтувчи қисмида транспорт ҳаракатланишига яратилаётган тўсқинликдан норози бўлиб мурожаат йўллашди.

«Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган «Мингчинор» йўл-патрул хизмати масканидаги тушунарсиз, одамларни сарсон қилаётган ҳолат ҳақида ёзмоқдаман.

Ушбу пост халқаро М39 автойўлида жойлашган бўлиб, Тахтиқорача довон орқали Самарқанд вилоятининг Ургут тумани билан боғланади. Мен ўзим кузатганим 27 май кунидан ҳозирги кунгача постдаги ходимлар хоҳлаган пайтда уни ёпиб, хоҳлаган пайтда очишмоқда.

Ваҳоланки, ушбу ҳудуд ҳануз «яшил зона» ҳисобланади, лекин постдаги ИИО ва Миллий гвардия ходимлари ҳеч қандай изоҳ бермасдан транспорт воситаларини йўлдан ўтказишмайди. Сабаб сўрасангиз «начальник айтган», деган важни келтириб, исталган жойга қўнғироқ қилиш мумкинлигини ҳам қистиришади.

У ерда телефон алоқаси ишламайди. Тошкентга кетмоқчи бўлганларга Чироқчидан айланиб ўтишни айтишади (Бу дегани — ортиқча 130 км ва 2 соатлик ўнқир-чўнқирдан иборат, азобли йўлдан юриш).

Сизни Китоб шаҳридан чиқаётганингизда «йўлингиздаги ушбу пост ёпилган», деб ҳам ҳеч ким огоҳлантирмайди. Бу албатта кўпчиликни сарсон-саргардон қилаётган масъулиятсиз ёндашув. Сиз сарсон бўлиб бориб, ходимларнинг қўрс муомаласидан нима қилишингизни билмай чорасиз қоласиз.

Бундан ҳам мантиқсиз ҳолат сиз Тошкентдан Шаҳрисабзга ёки Китобга келаётганингизда содир бўлади. Самарқанддаги довон бошланишидан олдин жойлашган «Омонқўтон» постидан ҳеч қандай тўсқинликсиз ўтиб, 30 километрлик довонни ҳам босиб ўтасиз-да, яна шу шаҳарга 20 километр қолганида Китоб туманига киришдаги «Мингчинор» постидаги ходимларнинг «қўлига тушасиз».

Булар сизга ортга қайтиб, Самарқанд орқали ўтиб, Чироқчидаги «Умакай» пости орқали Шаҳрисабзга ёки Китобга киришингиз мумкинлигини айтишади.

Бу ерда қандай мантиқ кўряпсиз? Сиз барибир Шаҳрисабзга ёки Китобга кириб борасиз-ку?! Ўртада сизнинг довондан ўтиб қайтганингиз (30+30 = 60 км), «Умакай» постигача қарийб 100 км ва Чироқчидаги «танк ўтган йўл»дан алам ва нафрат билан юрганингиз қолади.

Уларнинг нима ҳаққи бор халқни бундай сарсон қилишга?! Оғзаки, куракда турмайдиган важларидан бошқа қўлида ҳеч қандай расмий буйруқ ҳам йўқ. Шу масалада расмий вакиллар билан боғланиб, кўпчиликни сарсон қилаётган масаланинг ижобий ҳал қилинишига ёрдам беришингизни сўраб қоламиз», дейилади мурожаатда.

Қайд этиш жоизки, ушбу мурожаат йўлланганида Қашқадарё вилояти тўлиқ «яшил» ҳудуд эди. Биз мақолани чиқаришга тайёрлаганимизда Китоб туманида коронавирусга чалинганлар аниқланди ва туман «қизил» ҳудуд тоифасига киритилди.

Кейинроқ, ушбу мунтазам ЙПХ масканида ҳайдовчилар сарсон бўлаётгани ҳақида яна бир мурожаат келиб тушди.

«Ўзим оилам билан Тошкент шаҳрида истиқомат қиламан, доимий рўйхатда ҳам шу ерда тураман. Ота-онам Шаҳрисабзда яшашади. Уларни ҳар сафар кўришга бориб келиш мени қаттиқ ўйлантирадиган вазиятга айланиб қолган.

Чунки йўлда худди эски замонларда бўлган йўлтўсарларга ўхшаш ЙПХ ходимлари бор. Мен уларнинг энг бирламчи асосий мақсад вазифалари нима эканлигини ҳеч тушунолмайман. Телевидениеда сўнгги пайтларда бот-бот уларни мақташяпти, лекин амалда мақталадиган ходимлар анқонинг уруғи кабилигини машина ҳайдайдиган ҳар қандай фуқаро билади.

Хуллас, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб туманлари ҳамда Сурхондарё вилоятидан келувчи машиналар ҳам М39 йўлининг Китоб тумани тугаш қисмида жойлашган «Мингчинор» постидан ўтиб Тахтиқорача довони орқали йўлларини сезиларли даражада қисқартирашади. Лекин сўнгги пайтларда шу постда умуман куракда турмайдиган, мантиқсиз важ билан тўсиққа учраяпмиз.

Бу ердагилар раҳбарларнинг оғзаки буйруғи бор, деб ҳайдовчиларга Чироқчи орқали кетишлари кераклигини айтишяпти. Ваҳоланки, ҳозир Чироқчи тумани «қизил» ҳудуд бўлиб турибди. Китоб туманидан чиқиб шу постга етиб келгунингизгача ҳам тахминан 20 км масофа бор. Ростдан қандайдир сабаб билан ёпилган бўлса, шу йўлнинг бошида огоҳлантирувчи белгими ёки бирор чора кўриб қўйишса бўлади-ку?!

Китоб тумани «қизил» ҳудудлар қаторига кирган, шунга сиз ўтказилмайсиз, дейишади. «Мен Китоб туманига кирмасдан, уни айланиб ўтувчи йўл билан Шаҳрисабздан келяпман», десангиз ҳам роботдек «мумкин эмас» деб жавоб беришади. Нима учун яқин йўл турганда биз узоқ, таъмирталаб, бўлган йўлдан юришимиз керак. Чироқчидан ўтувчи йўл равон бўлганда ҳам бошқа гап эди!

Кеча худди шу вазиятдан ўзим ўтдим: 6 соатлик йўлим — 9 соатга, 380 километрлик йўл 550 километрга айланди. Яна машинада бир ёшли ёш болам ҳам борлигини ҳисобга олсак, бу йўл мен учун ҳақиқий азоб бўлди. Худди менга ўхшаб ҳар куни қанчадан қанча йўловчилар шу ҳолатга тушишяпти.

Бу ишдан кимга нима наф? Одамларга енгиллик яратиш ўрнига фақат қийинчилик яратишади. Изоҳ сўрасангиз — қўпол муомаладан ҳафсалангиз пир бўлиб, нима қилишингизни, кимга додингизни айтишни билмайсиз».

Қашқадарёнинг барча ҳудудлари «яшил» бўлиб турганида, мурожаатни эълон қилиш асносида ҳолат юзасидан қисқа суриштирув ўтказиб, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланган эдик. Ўшанда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан Китоб туманидаги «Мингчинор» ЙПХ масканининг маълум бир вақт оралиғида ёпиб очилиши бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмагани таъкидланиб, агар шундай ҳолатлар чиндан ҳам юз бераётган бўлса, постда хизмат қилаётган ходимларининг ўзбошимчалигидан бошқа нарса эмас, деб жавоб берилган эди.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати ҳам постларни вақти вақти билан ёпишга ҳеч қандай топшириқ берилмагани, бу ноаниқ маълумот эканлигини таъкидлаган эди.

Қашқадарёда яна коронавирус инфекциясига чалинганлар қайд этилгач, айрим ҳудудларнинг тоифасига ўзгартириш киритилди. Хусусан, Китоб тумани «қизил» ҳудудга айланди ва туманда эрталаб соат 07:00-10:00 ҳамда соат 17:00-20:00 оралиғида машина ҳайдашга рухсат берилди.

Қашқадарё вилоятига хизмат сафарига борганимизда «Мингчинор» мунтазам ЙПХ масканида навбатчи бўлиб турган сержант Аваз Акромовдан ушбу масалада тушунтириш сўрадик.

А.Акромов М39 йўлининг Китоб шаҳридан чиқиш қисмида (собиқ «Анор» монументи олдида) пост ёпилгани тўғрисида баннер илингани, ҳайдовчилар эса ушбу баннерга эътибор қилмасдан, постгача машинасини ҳайдаб келаётганини айтиб ўтди.

Сержант ҳудуднинг рангига қараб, фақат махсус рухсатномаси бўлган автомашиналарга ҳаракатланиш учун рухсат берилишини, сутканинг белгиланган вақтида ҳаракатланиш тақиқланганида рухсатномасиз ҳаракатланган машиналар киритилмаслигини айтиб ўтди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани 4 июлдан «сариқ» ҳудуд деб эълон қилинган. Бунда соат 06:00дан соат 22:00га қадар машиналар ҳаракатланишига рухсат берилади.

Kun.uz Қашқадарё вилоятидаги масъуллардан ушбу ҳолатга ойдинлик киритиб, расмий маълумот беришни, ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришни, модомики постни ёпишга эҳтиёж туғилаётган бўлса бу ҳақда аҳолини ўз вақтида хабардор қилиб, уларни сарсон қилмаслик чораларини кўришни сўраб қоламиз.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид