Ўзбекистон | 17:29 / 07.07.2020
12312
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инсофли ва қонунбузар солиқ тўловчилар рўйхати тақдим этилди

Эндиликда «Солиқ соҳасида жамоатчилик назорати» веб-порталида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариб борувчилар ва қонунбузарлар ҳақида маълумот бериб борилади, дею маълум қилди Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази

my2.soliq.uz электрон манзилида жойлашган веб-порталда солиққа оид 30га яқин ҳуқуқбузарликлар тавсифи ва уларга белгиланган жавобгарлик тури, жарима миқдорлари кўрсатиб ўтилган.

Порталда хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисида солиқ сири ҳисобланмайдиган маълумотлар, ҚҚС тўловчилари, солиқлар ва бошқа йиғимлар бўйича қарздорлар, банкрот корхоналар рўйхати тақдим этилган.

«Порталнинг энг асосий нуқталаридан бири – инсофли солиқ тўловчилар ва солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарлар рўйхати ҳисобланади. Мазкур рўйхат таркиби ҳар куни автоматик тарзда янгилаб борилади. Уни шакллантиришда ҳозирча тадбиркорлик субъектларининг фақат қарздорлик ҳолати эътиборга олиняпти. Келгусида солиқ тўловчиларни мазкур тоифаларга ажратишга асос бўладиган аниқ мезонлар сонини кенгайтириш режалаштирилган.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик субъектлари инсофли солиқ тўловчилар рўйхатида бўлса, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин. Солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарлар рўйхатидан ўрин эгаллаган тадбиркорлик субъектларининг инсофли солиқ тўловчилар сафига қўшилиши ўзининг солиқ мажбуриятларига нисбатан муносабатига боғлиқ», – дейилади марказ ахборотида.

Фуқаролардан солиқ қонунчилиги бузилиши ҳақидаги хабарлар қабул қилинади

Маълум қилинишича, солиқ ҳуқуқбузарлигидан хабардор бўлган исталган шахс бу ҳақида веб-портал орқали хабар бериши мумкин. Бунинг учун порталда қайд этилган «Ишонч телефони» ёки электрон ариза юбориш орқали давлат солиқ хизмати органларига хабар бера олади. Бунда ҳуқуқбузар ташкилот номи (ёки фуқаронинг исми-шарифи), қайси ҳудудда жойлашгани, ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил каби маълумотлар аниқ ва тўлиқ кўрсатилиши талаб этилади. Электрон ариза билан биргаликда ҳуқуқбузарликка оид фото, аудио ҳамда видеоматериал ёки бошқа ҳужжатли маълумотларни ҳам ҳавола этиш мумкин.

Фойдаланувчи ўзининг хабари билан боғлиқ ҳолда кечадиган барча жараёнлар – ҳуқуқбузарлик фактининг тасдиқланиши, ҳуқуқбузарликка оид тушунтиришлар, текширув натижаси (мавжуд бўлса), ҳуқуқбузарларнинг жарималари ҳақида хабардор бўлиб бориш имконига эга.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид