Самарқандда алимент тўламагани учун ҳибсга олинган эркакнинг ўлимига талваса сабаб бўлгани маълум қилинди
Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида алимент тўламагани учун туман ИИБ ҳибсхонасига ташланган 34 ёшли эркак вафот этган. Ўзбекистон Бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz’га маълум қилишича, марҳумнинг ўлимига талваса сабаб бўлган.
Шамсуддиновнинг таъкидлашича, марҳум алимент тўламаслик учун суддан яшириниб юрган, шу сабабли қидирувга берилган. У 2020 йил 2 июлда ушланиб, туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. 4 июлда кечки пайт тўсатдан вафот этган.
Маълум бўлишича, марҳум 4 июль куни соат 10:00 ларда кўзларига турли нарсалар – илон, чаёнлар кўринаётганини айтиб, ҳибсхона ходимига шикоят қилган. Шундан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси психиатр-наркологи У.Абдувоҳидов ҳибсхонага чақирилган. У беморга сурункали алкоголизм, абстинек синдроми ташхисини қўйиб, 2 маҳал «Галоприл» таблеткасини беришни тавсия қилган.
Марҳум ҳибсда сақланган ҳужра кузатув камералари видеоёзувлари кўздан кечирилганида ҳам беморда талваса кузатилгани маълум бўлган. Марҳумнинг яқин қариндошлари ҳам унда олдиндан тутқаноқ касаллиги бўлгани, аввал тез-тез бу каби талваса ҳолатлари юз берганини билдиришган. Мурда мутахассис иштирокида текширилганида ҳам тананинг ташқи тарафида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Марҳумнинг мурдаси суд тиббиёт экспертизаси текширувидан ўтказилганида ўлимга ўткир ўпка ва бош мия шиши сабаб бўлгани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, бу жорий йилда жамоатчиликка маълум бўлган ҳибсхоналарда рўй берган учинчи ўлим ҳолатидир. 2020 йил 30 май куни Андижон шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан қўлланган қийноқ натижасида фуқаро А.А. Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига олиб борилган, кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан у 11 июнь куни вафот этган эди.
Кейинроқ Навоийдаги қамоқхонада маҳбус қийноқлардан вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. ИИВ ҳолат юзасидан изоҳ бериб, марҳумнинг ўлимига В-24.0 IV клиник босқичи (лимфа тугунларининг тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологиядан узоқ давом этувчи иситма, тана вазнининг 10 фоиздан ортиқ озиши, диарея) сабаб бўлгани маълум қилган эди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
21:44 / 01.11.2024