Ўзбекистон | 19:31 / 08.07.2020
4853
4 дақиқада ўқилади

Хусусий бандлик агентликлари яна фуқароларни чув туширмайдими? Депутат қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар бунга йўл бермаслигини айтмоқда

«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Қуйи палата ахборот хизматининг хабар беришича, лойиҳа муҳокамаси давомида кўп саволлар туғилмоқда, мутасаддиларнинг уларга жавоб бериши эса осон кечмаяпти.

Фото: Fotolia

«Амалдаги қонунга асосан хусусий агентлар Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларга кўрсатган хизматлари учун улардан пул ундиради. Яна, олдиндан. Афсуски, бундай амалиёт натижасида агентликлар томонидан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ва уларга моддий зарар етказиш ҳолатлари кўпайди.

Эсингизда бўлса, 7 мингдан ошиқ фуқарога жами 72 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказган ўнга яқин хусусий бандлик агентликлари раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Жабрланганлар Ҳукуматга мурожат қилгач, уларга етказилган зарарлар уч кун ичида қоплаб берилган эди. 

Муаммо қонунда ана шундай ҳолатлар содир этилишига етарли шароитлар сақланиб қолганида эканини тушунгандирсиз. Яъни, амалдаги Қонунда хусусий агентликларнинг иш қидираётган шахслар олдидаги мажбуриятлари тўлиқ мустаҳкамлаб қўйилмаган ёки қатъий тартиблар белгиланмаган, фаолияти устидан тегишли назорат ўрнатилмаган эди.

Бу борада таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, қонуннинг қатор моддаларига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳамда янги модда билан тўлдириш назарда тутиляпти», дея Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Иномжон Қудратовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Депутатнинг қўшимча қилишича, қонун лойиҳасига мувофиқ иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш хизмати учун тўловни чет эллик иш берувчи ҳисобидан амалга ошириш механизмини жорий этиш, захира қилиб қўйиладиган маблағларни БҲМнинг саккиз минг беш юз баравари миқдорида белгилаш қонуний мустаҳкамланмоқда.

«Эътибор беринг, 1 миллиард 895 миллион 500 минг сўм ёки 200 минг АҚШ долларига тенг захира мажбурияти хусусий бандлик агентлигининг маъсулиятини оширади. Шунингдек, қонун лойиҳасида хусусий бандлик агентликлари томонидан кўрсатиладиган ахборот ва маслаҳат хизматлари учун олинадиган ҳақ миқдори аниқ қилиб белгиланмоқда, фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни реал вақт режимида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтказиш лозимлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат – мамлакатимиздан ташқарида иш қидираётган шахсларга зарур пайтда ваколатли органлар билан боғланишга доир ахборот-маълумотлар алмашиш тизимини йўлга қўйиш масаласи ҳам қонун лойиҳасида акс эттирилмоқда. Бу ўз навбатида хизматдан фойдаланувчининг ишончига хизмат қилади.

Лойиҳада Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлигига хусусий бандлик агентликлари фаолиятини молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда текшириш ваколати берилмоқда.

Хўш ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар нима беради, деган савол туғилади. Оддий қилиб айтганда, иш қидираётган шахслар ва уларнинг тақдири ҳақидаги маълумотлар реаллашади, алданишлар камаяди, хориждаги юқори даромадли иш ўринлари бозори тартибга тушиши баробарида маҳаллий иш ўринлари ҳақидаги ахборотни илгари суришга қўшимча майдон яратилади, одамларда хусусий агентликларнинг хизматидан тизимли фойдаланиши орқали давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади», дейди Иномжон Қудратов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг қайд этишича, айни пайтда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш ва маромига етказиш юзасидан олиб бораётган ишлари давом этмоқда.    

 

Мавзуга оид