Жамият | 14:41 / 09.07.2020
20765
2 дақиқада ўқилади

Фарзандига етарли алимент тўлашни истамаган ота хатланган автомобили учун 16 миллионни бир кунда тўлади

Халқимиз азалдан болажон. Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, фарзанди дунёга келса, Яратганнинг инъоми сифатида қабул қилиб, шукроналар айтади. Боласини бошига кўтариб авайлайди, бутун меҳрини бериб, уни камолга етказади, таъминоти-ю тарбиясига ҳаётини бағишлайди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси

Аммо баъзида Аллоҳ тақдим этган бу инъомни қадрига етмайдиган ота-оналар ҳам учраб туради. Турли сабаблар билан ажрашиб кетгандан сўнг ота ёки она фарзандларини ўйламайди, улар ҳақида қайғурмайди, ҳатто меҳр бир ёқда турсин, моддий тарафлама таъминлашни ҳаёлига ҳам келтирмайди.

Ана шундай вазиятда судлар чиқарган қарорларга асосан Мажбурий ижро бюроси болаларни моддий таъминлаш учун алимент пулларини мажбурий тартибда ундириш чораларини кўради. Болаларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг келажагига бефарқ бўлмаган ҳолда ўз ваколатлари доирасидаги ишларни амалга оширади.

Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судининг 22.06.2012 йилдаги суд буйруғига асосан Яккабоғ тумани Ишкент қишлоғида яшовчи қарздор А.Н.дан шу тумандаги Алақарға қишлоғида яшовчи фуқаро М.Х. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулларини ундириш белгиланган. Қарздор шу кунгача алимент пулларини белгиланган сўммадан кам миқдорда тўлаб келган. Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси Яккабоғ туман бўлими давлат ижрочилари томонидан алимент қайта ҳисоб-китоб қилинганда, жорий йилнинг 1 август кунига қадар қарздорлик 15 миллион 740 минг 500 сўмни ташкил этгани маълум бўлган.

Қарздор бу ҳақда бир неча марта огоҳлантирилган, аммо қарзни тўламагандан сўнг, қарздорнинг бошқарувидаги «Lada Xray» русумли машинаси хатланиб, жарима майдончасига олиб борилди. Шундан сўнг 2020 йил 1 августга қадар бўлган алимент қарздорлиги бутунлай бартараф этилди.

Ўйлаб қоласан киши, қарздор ўз пушти камаридан бўлган фарзандининг моддий таъминоти учун ихтиёрий равишда алимент тўламай келди, аммо машинасини қайтариб олиш учун салкам 16 миллион миқдордаги алиментни бир кунда тўлаб, машинасини олиб кетди...

Фарҳод Қурбонов. МИБ Яккабоғ туман бўлими давлат ижрочиси

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид