Ўзбекистон | 15:49 / 09.07.2020
22605
2 дақиқада ўқилади

«Коронавирус Ўзбекистонга 15 мартдан олдинроқ кириб келган бўлиши мумкин» – Нурмат Отабеков

Ўзбекистонга коронавирус март ойи ўрталарида эмас, ундан аввалроқ кириб келган бўлиши ҳам мумкин. Санитария-эпидемиологик назорат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков коронавирус Ўзбекистонга 15 мартдан аввалроқ кириб келганини истисно қилмади.

АОКА анжуманлар залида 9 июль куни Республика махсус комиссиясининг карантин чораларини кучайтириш борасидаги қарори юзасидан ўтказилган брифингда мутахассислар олдинда жиддий вазият турганини қайд этишди.

«Бу ерда фақат тиббиёт, ички ишлар, Миллий гвардия, ОАВ, ҳокимликлар ёки муайян соҳа вакиллари ишни қилади дейдиган бўлсак, бўлмайди. Айнан қарс икки қўлдан чиқадиган вазият мана бугун биз учун асқатади. Шундай экан, халқимиз мутахассисларнинг фикрини тинглаб, унга амал қилмас экан, биз вазиятни барқарорлаштира олмаймиз.

Бир жиҳатга эътибор берайлик. Ўзбекистон ҳудудида биринчи бемор 2020 йилда 15 март куни қайд этилди. Бироқ касаллик мамлакатимизга ундан аввал ҳам кириб келган бўлиши мумкинлигини инкор этмаймиз.

Биз биринчи аниқлаган беморимиздан сарҳисобни бошладик. Шундан кейин статистик рақамлар шаклланди», деди Бош давлат санитария инспектори.

Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Париждан келган ўзбекистонликда вирус аниқланди ва у Ўзбекистонда коронавируснинг илк бемори сифатида қайд этилди. 16 март куни вазирлик коронавирус юқиши билан боғлиқ яна икки ҳолат ҳақида хабар берди. Уларнинг бири коронавируснинг илк бемори бўлган аёлнинг қариндоши, иккинчиси 14 март куни Лондондан Тошкентга келган бир ўзбекистонлик эди. Шундан сўнг, Ўзбекистонга турли мамлакатлардан авиарейслар орқали кириб келаётган фуқароларда вирус чиқа бошлади. Кунлик ўсиш ҳолатлари сони фақат 6 апрель кунига келиб 100тадан ошди.

Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 11259 кишига етди, шу вақтгача 7060 киши тузалди, 47 бемор вафот этди.

Мавзуга оид