Ўзбекистон | 16:36 / 10.07.2020
5724
3 дақиқада ўқилади

50 фоиздан юқори битирувчиси талаба бўлган мактаб директорларини ҳеч ким вазирлик билан келишмасдан ишдан озод эта олмайди – ХТВ

Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, 50 фоиздан юқори битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирган мактаб директорларини ҳеч ким вазирлик билан келишмасдан ишдан озод эта олмайди. Шунингдек, бундай натижа кўрсатган директорлар ХТВнинг ўзига хос «олтин захираси»га киритилиши маълум қилинди.

ХТВ ахборот хизматининг қайд этишича, вазир Шерзод Шерматов бошчилигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида жойларда раҳбар кадрлар билан ишлаш бўйича асосий вазифалар муҳокама қилинган.  Вазирлик номенклатурасига кирувчи лавозимларга тавсия этилган номзодларнинг таҳлили ва бу борада амалга оширилган ишлар, номзодларни тавсия этиш бўйича йўл қўйилган камчиликлар алоҳида танқидий руҳда кўриб чиқилган.

«Йиғилишда Шерзод Шерматов халқ таълими соҳасида муаммоларнинг тизимли равишда ҳал қилиниб, юқори натижаларга эришилишида муносиб кадрларни танлаш ва тайинлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги номенклатурасига кирувчи лавозимлар вилоят бошқармалари томонидан малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётганлиги, ish.uzedu.uz портали йўлга қўйилган бўлса-да, жойларда номзодлар очиқ мустақил танлов орқали шаффоф тарзда саралаб олинмаётганлиги каби бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан Халқ таълими вазирлиги номенклатурасига кирувчи лавозимлар бўйича жами 46 та, шундан 35 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири, ҳудудий халқ таълими бошқармаларида 11 та раҳбарлик лавозимлари вакант ҳисобланади, 24 та лавозимга тавсия этилган номзодлар ўрганилмоқда», дейилади вазирлик ахборот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда.

Йиғилишда, нолойиқ номзод бериш билан чегараланиб қолаётган ҳудудий раҳбарлар фаолиятига танқидий баҳо берилган. Хусусан, тегишли лавозимларга тавсия этилаётган номзодларнинг фаолиятини юзаки ўрганиш, ҳамда бирорта битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган мактаб директорини туман халқ таълими бўлими раҳбари лавозимига тавсия этиш ҳолатига йўл қўйгани учун Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари Илҳом Сафаровга ҳайфсан эълон қилинган.

Маълум бўлишича, барча ҳудудий бошқармалар бундай ҳолатларга йўл қўймасликлари бўйича қатъий огоҳлантирилган, жумладан, раҳбар кадрлар билан ишлашда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланган:

– Юқори натижа кўрсатган мактаб директорлари юқори лавозимларга захирага олинади ҳамда тизимли равишда соҳа ва давлат мукофотларига тавсия этилади. Хусусан, 50 фоиздан юқори битирувчиси олий таълим муассасаларига кирган директорлар Халқ таълими вазирлигининг ўзига хос “олтин захираси”га кириталади ва уларни ҳеч ким Вазирлик билан келишмасдан ишдан озод эта олмайди;

– Паст натижа кўрсатган мактаб директорлари, хусусан, бирорта битирувчиси олий таълим муассасасига кирмаганлари лавозимига лойиқлик масаласи кўриб чиқилади. Айнан шундай мактабларга туман раҳбарлари кўпроқ бориб, муаммоларни ўрганиб, уларни натижаларини яхшилашга ҳаракат қилиши керак. 

Йиғилишда республикамиз умумтаълим мактабларида қизғин давом этаётган 2020-2021 ўқув йили учун 1-синфга ўқувчиларни қабул қилиниш жараёнида карантин қоидаларига риоя этиш, коррупция ҳолатларини олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид