Жаҳон | 21:28 / 10.07.2020
8706
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукуматида Мисрга ишловчи жосус фош қилинди

Германия ҳукумати матбуот хизматида ишлаган эркак бир неча йил давомида Миср разведкасига маълумотлар бериб турган.   

Жосус 2019 йил декабрда Германия ҳукуматининг матбуот ва ахборот бошқармасида аниқланган. Бу ҳақда Конституцияни муҳофаза қилиш федерал бошқармасининг 2019 йил учун ҳисоботида айтилган.  

Эркак бир неча йил давомида Миср разведкасига ишлаган. Ҳозир бу ҳолат бўйича тергов олиб борилмоқда. Немис ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъкидлашича, Миср махфий хизматлари Германияда яшовчи ватандошларни ёллашга ҳаракат қилади. 

Прокуратура Bild нашрига бундай тергов олиб борилаётганини тасдиқлаган. Қўлга олинган жосус айнан қандай маълумотни бергани номаълум. Бироқ нашрнинг тахминича, у Германияда ишловчи мисрлик журналистлар ҳақида маълумотларни тўплаган. Гап бошқарманинг ташриф буюрувчилар билан ишлаш хизматининг ўрта мартабали ходими ҳақида бормоқда. 

Ҳисоботга кўра, Германияда Мисрнинг иккита разведка хизмати – Умумий разведка хизмати (General Intelligence Service, GIS) ва Миллий хавфсизлик хизмати (National Security Service, NSS) ҳаракат қилади. Уларнинг асосий вазифаси “Мусулмон биродарлар” ҳаракати ёки коптлар христиан жамияти аъзолари каби Миср мухолифатининг Германияда яшовчи тарафдорлари ҳақида маълумот тўплашдан иборат. 

Мавзуга оид