Масалан, Айжан Ҳамид ўзининг фейсбукдаги саҳифасида «Тамифлю» дориси ҳақида бир нечта пост жойлаштирган. Унинг хабар беришича, таниши «Тамифлю» дорисини дорихонадан 9 минг тенгега (21 доллар) сотиб олган. Дори қутисида RX белгиси ва NDC қадоқлаш рақами ёзилган бўлган. Унинг сўзларига кўра, ушбу белги ва рақамлар АҚШда сотиладиган дори-дармонларда қўлланади. Шу билан бирга, блогернинг таъкидлашича, қозоқ тилидаги изоҳ ушбу дорининг қутисига тасма билан бириктириб қўйилган.

Шундан сўнг, Қозоғистоннинг Tengrinews.kz сайти мамлакатга кириб келаётган инсонпарварлик ёрдамларини тарқатишга масъул бўлган «СК-Фармация» компаниясига мурожаат қилиб, масала юзасидан изоҳ сўраган. Компания ходимлари «Тамифлю» дори воситаси Қозоғистонга «СК-Фармация» МЧЖ орқали инсонпарварлик ёрдами сифатида қабул қилинмаганини маълум қилган.

Бу орада фейсбукда Наргиз Северная номли фойдаланувчи «СК-Фармация» МЧЖга мурожаат тарзида йўлланган бошқа бир хабарни жойлаштирди. У кечки пайт ҳаммаёқ ёпилганидан сўнг ўзи яшайдиган шаҳар дорихоналаридан бирига яширинча дори-дармон тўплами етказиб берилганига гувоҳ бўлгани ҳақида ёзган. Баъзи қутиларда Qatar Airways авиакомпанияси стикерлари бўлган. Пост муаллифи дори-дармонлар солинган бу қутилар 21 май куни Қозоғистонга Қатардан юборилган инсонпарварлик ёрдами таркибида бўлиши мумкин деган шубҳа билдиради.

«Шимоллик Наргиз»нинг шубҳаларига парламент спикери ўринбосари Владимир Божко жавоб берди. У ўз постида Наргиз Севернаядан ҳодиса қайси шаҳарда, қайси кўчада ва қайси дорихонада юз бергани ҳақида сўраганини, Наргиз Северная эса унга жавоб бермасдан саволини ўчириб юборганини ёзган. Пост сўнгида Божко қозоғистонликларга мурожат қилиб, бунақа ёлғон гапларга ишонмасликни сўраган.

Наргиз Севернаянинг постига жавобан «СК-Фармация» МЧЖ қабул қилинадиган барча инсонпарварлик ёрдамларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда қабул қилишини, сўнг буюртма варақасини тузиб, ҳудудлар бўйича тенг тақсимлашини билдирди. Бундан ташқари, ушбу компания ҳомийлардан келадиган турли тиббий маҳсулотларни ташиш билан ҳам шуғулланишини маълум қилган.

Компания маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусга қарши кураш бошлангандан бери АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Ҳиндистон, БАА ва Покистон каби мамлакатлардан,  Қозоғистондаги энг йирик (Abdilrahim, «Казатомпром», «Bayer Казахстан», ТОО «Текнолоджиз Казахстан», ТОО A.N.P., ТОО ABMG Expert) компанияларидан, шунингдек, дунёнинг кўзга кўринган (Alibaba Fondation, Sandoz, «АстраЗененка(Уси) Трейдинг Ко, Лтд» UNISO, Miniso, China Construction Bank, Abdilrahim Turkey) каби компанияларидан инсонпарварлик ёрдамлари келган.

«Қозоғистонга юборилган барча инсонпарварлик ёрдамлари, коронавирусга қарши курашда иштирок этадиган тиббий муассаса ва ташкилотларга тарқатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали унинг минтақавий бошқарма ҳамда бўлимлари ўртасида тақсимланади.