Ўзбекистон | 14:56 / 12.07.2020
76251
12 дақиқада ўқилади

Қониқарсиз колл-марказ, иммунитетни кўтариш йўллари ва уйда даволаниш тартиби — Нурмат Отабеков билан суҳбат (1-қисм)

Kun.uz Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков билан телефон орқали интервью ташкил этиб, айни кунларда долзарб бўлиб турган қатор саволларга жавоб олди.

Фото: KUN.UZ

Маълумки, Махсус комиссиянинг июль ойидаги 33-сонли йиғилиш қарори билан айрим беморларнинг ўз уйида даволаниши белгиланган эди. Аммо бугун фуқаролардан келаётган кўплаб мурожаатларга кўра, касаллик юқтирган ва уйда қолиб даволанаётган беморларнинг 1003 колл-марказига қилган аксар қўнғироқлари жавобсиз қолмоқда.

Бундан ташқари, соатлаб кутилган жавобдан кейин ҳам марказ билан боғланилганда, у ердаги мутахассислар беморларни қониқтирадиган даражада керакли маслаҳатни бера олишмаяпти. Марказ томонидан кўрсатилаётган хизмат сифати билан бугун ҳеч ким қизиқмаяпти, у ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Нурмат Отабековга илк саволимиз шу хусусда бўлди.

«Аслида маълумотлар маркази фаолияти билан боғлиқ масалаларга менинг баҳо беришим қийин. Негаки, бу марказ Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил қилинган.

Маълумотлар маркази фаолиятини ташкил бўйича вазирликнинг 176-сонли буйруғи чиққан. Шунингдек, ушбу буйруққа мувофиқ, коронавирус касаллигига чалингани тасдиқланган ва касаллиги клиник белгиларсиз кечаётган беморларни уй шароитида ҳамда ҳудудий поликлиникалар назорати остида даволашга ҳам рухсат берилган.

Албатта, беморларнинг уйда даволанишини ташкил қилишдан мақсад одамлар учун қулайлик яратиш. Биласиз, Ўзбекистон бир неча ойдан буён коронавирус касаллиги билан курашиб келяпти. Мана шу давр мобайнида бирор клиник белгиларсиз 14 кун шифохонада ва яна 14 кун реабилитацияда ётиб чиққанлар бўлди. Шундай экан, ҳозирги вақтда бу чора касаллика чалинганлар сони ортиб бораётгани, қолаверса, касаллиги клиник белгиларсиз ўтаётган фуқароларни уй шароитида даволаш мумкинлигини инобатга олиб қўлланмоқда. Мободо беморнинг аҳволи оғирлашса ёки бошқа жиддийроқ ҳолатлар кузатилса, биз уни тезда шифохонага оламиз.

Бундан ташқари, биз ушбу чорани қўллаш орқали жой билан боғлиқ танқисликларнинг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз.

Ҳақиқатан ҳам, коронавирус билан зарарланишнинг клиник белгилари 14 кун мобайнида кузатилиши айтилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу борадаги фикрини ҳозирча ўзгартиргани йўқ. Лекин Ўзбекистондаги ҳолатлардан кўриняптики, кимгадир касаллик юққан бўлса, унинг намоён бўлиши учун 10 кун муддат етарли ҳисобланади.

Вирус билан зарарланганлар орасида 11-12-кунларга келиб клиник белгилари пайдо бўлган беморлар камдан-кам кузатиляпти», – дея жавоб берди Нурмат Отабеков.

Албатта, бу масалага яна қайтамиз. Ҳозирги берган саволим эса 1003 маълумотлар марказининг қониқарсиз фаолияти борасида эди. Ҳозир кузатилаётган оғир ҳолатдан келиб чиқиб, бу марказ фаолиятини такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Марказ билан боғланиш имкониятини осонлаштириш ва у ердаги тажрибали, билимли мутахассисларни кўпайтириш зарурати, марказ фаолияти бугун одамларни умуман қониқтирмаётганига изоҳ берсангиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мен юқорида айтган буйруғида 2 кун муддатда уйда даволаш бўйича керакли тартиб ва гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Бунда касаллик ҳолати ҳисоботларини юритиш бўйича алоҳида ва касалликка чалинганлар бўйича алоҳида тартиб ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган. Ҳозир мана шу тартиблар ҳаммаси ишлаб чиқилди. Лекин шу билан бирга маълумотлар марказидаги ходимлар бу тартиблардан тўла хабардор бўлиб, уни тўлиқ англаб етолмаган бўлиши мумкин.

Албатта, бу амалиёт Ўзбекистонда биринчи бор қўлланилаётгани учун одамларда бу борада саволлар жуда кўпайиб кетмоқда. Лекин мен сизнинг фикрларингизга қўшиламан. Чунки бизга ҳам бу борада турли мурожаатлар ва танқидлар келиб турибди. Демак кўринадики, маълумотлар марказининг фаолиятини такомиллаштириш, унга соҳани яхши билган, беморларга касалликдан даволаниш босқичларини тўғри тушунтириб берадиган мутахассисларни жалб қилиш керак.

Мен аниқ биламан, маълумотлар марказига кимдир телефон қилиб ўз саволига кўнгилдагидек жавоб ололмас экан, у таажжубланади. Кейинчалик тизимдан норози бўлади. Айниқса ҳозир – вазият оғирлашган, одамлар саросимага тушаётган пайтда бу марказнинг фаолияти тубдан яхшиланиши керак.

Коронавирусдан уйда даволанаётган одамларга етарли маълумот бериш борасидаги керакли топшириқлар Махсус комиссиянинг кетма-кет имзоланган 31, 32, 33, 34, 35-сонли йиғилиш баённомаларида ҳам кўрсатилган.

Комиссиянинг охирги йиғилиш баённомаларидан бирида келтириладики, биз агар лозим бўлса, тиббиёт соҳасида ишлаган, тажрибали шифокорлар билан шартнома тузиб, уларни касалликка қарши кураш соҳасига қайта жалб қилишимиз мумкин. Булар 1-2 кун ичида бартараф этиладиган ҳолат.

Тушунинг, Илёсбек, Ўзбекистон тиббиёти бу борада эндигина тажриба орттиряпти, тажрибамиз эндигина ошяпти.

— Махсус комиссиянинг юқорида айтилган қарорида уйда даволанаётганлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг даволанишига ёрдам бериш учун мобил гуруҳларни ташкил қилиш вазифаси юклатилган эди. Хўш, бу қандай гуруҳ? У қандай тизимда ишлайди? Унинг ҳам фаолияти афсуски, кўп соҳаларда бўлгани каби хўжакўрсинга бўлиб қолмайдими?

— Бизда ҳозир нафақат мобил гуруҳлар ташкил қилиняпти, балки вилоятдаги тиббиёт муассасалари мутахассисларига касалликни даволаш йўллари ва профилактикаси бўйича маслаҳатлар бериб турилибди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 176-сонли буйруғи билан ҳар бир вилоятга махсус тиббиёт ходимлари, яъни олимлар ва профессорлар бириктирилган.

Энди мобил гуруҳлар ҳақида. Мобил гуруҳларнинг иккита тоифаси бор. Биринчиси – беморларнинг уйда ёки стационар шароитда даволанишини ҳал қилувчи гуруҳ. Бу гуруҳда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вакиллари, ҚВП вакиллари ва врач-инфекционист бўлади. Улар биргаликда саралаш гуруҳи вазифасини бажаради. Бу – беморларни қаерда даволаниши кераклиги бўйича хулоса берувчи гуруҳдир.

Иккинчиси – фаол мобил гуруҳ. Бу гуруҳ буюртмани оилавий поликлиникалар, ҚВП ва марказий поликлиникалардан олади. Демак, беморлар уйда даволаниш баробарида касалликнинг бирор-бир клиник белгиларини сезса, яъни тана харорати кўтарилса, тана қақшаб оғриса, поликлиникаларга мурожаат қилади. Поликлиникалар мобил гуруҳга мурожаат қилади. Гуруҳ вакиллари эса ўз навбатида беморнинг уйига етиб боради. Вазиятни кўздан кечириб, бемор аҳволини баҳолаб, агар лозим топса, тез ёрдам автомашинасида шифохонага ўтказади. Беморнинг қолган оила аъзолари билан билан мулоқотда бўлган-бўлмаганини текширишни назоратга олади.

Мобил гуруҳнинг вазифаси кундалик кузатувдан фарқли ўлароқ, фақат малакали тиббиёт ходимларининг малакали маслаҳати зарур бўлгандагина ишга тушиш. У ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасида тузилади.

Мобил гуруҳлар бир нечта бўлиши мумкин. Бу келиб тушаётган буюртмалар сонига ва хизмат кўрсатиш радиусидан келиб чиққан ҳолда тузилади.

— Бу борада маълум тажриба орттирдик, дея таъкидлаб ўтдингиз. Айтинг-чи, касалликдан ҳимояланиш учун санитар-гигиеник қоидаларга амал қилишдан ташқари (буларни одамлар ёдлаб ҳам олишди), яна қандай чоралар кўриш лозим? Истеъмол қилиниши керак бўлган маҳсулотлар, овқатланиш қоидалари, керакли дори ва бошқа воситаларни назарда тутяпман.

— Албатта, дори-дармон ҳақида гап кетганда фуқаро касаллик юқтирадиган бўлса, ўз ҳудудидаги шифокордан маслаҳат олиши керак. Ўша шифокор билади бемордаги ҳақиқий ҳолатни. Ҳар бир шахс алоҳида индивид.

Лекин биз аниқ биламиз, айтганингиздек, эҳтиёт чоралари ҳақида шунчалик кўп гапирдикки, уни одамлар ёдлаб олди. Эндиликда биз иммунитетни кўтарадиган, инсон иммун тизимини барқарор ушлайдиган воситалар ҳақида кўпроқ маълумот беришимиз керак.

Биз бу борада тажрибамиздан аниқ биламизки, инсон ўз имунитетини мустаҳкамлаши учун тўйиб ухлаши, яхши дам олиш, хотирани жамлаши, ортиқча асабийлашмаслик, тўйиб овқат ейиши (меъёрни бузмаган ҳолда) ва жисмоний машқлар билан шуғулланиши ҳамда зарарли одатлардан (ичкилик, чекиш ва ҳ.к.) воз кечиш керак.

Яна бир керакли маслаҳат: Ўзбекистондаги ҳар бир майса бу гиёҳ. Буни ҳеч қачон инкор қилиш керак эмас. Ўзбекистон шароитидаги дамламалар, яни у пешоб ҳайдайдиганидан тортиб ўт суюқлигини ҳайдайдиган, ошқозон ичак тизимини яхшиловчи, овқат-ҳазм қилиш жараёнига ижобий таъсир қиладиган, қўйингки, ҳар бир касалликда даво ҳисобланади.

Гиёҳлардан тайёрланган дамламаларни, турли меваларни кўпроқ истеъмол қилиш. Буларнинг барчаси бизнинг иммун тизимимизга ижобий таъсир қилади. Бир нарсани эътибордан четда қолдириш керак эмас, бизда турли гиёҳлардан тайёрланган ва жуда арзон нархда сотиладиган дамлама ва дори воситалари кўп.

Аҳамият берадиган бўлсак, ўсимликлардан тайёрланган воситалар бизнинг амалиётимизда кескин камайиб кетган. Биз асосан кимёвий йўл билан олинган дориларни қабул қиляпмиз. Бу жуда зарарли. Бориб-бориб қайсидир органларимизга албатта зарар етказади.

Шундай экан, биз турли ўсимликлар: наъматакдан тортиб, кийик ўти, маккажўхори туклари, ромашка гули ва айниқса тоғда ўсадиган доривор ўсимликларни истеъмол қилишни канда қилмаслигимиз керак. Имкон қадар кимёвий дори воситалардан фойдаланмайлик.

Инсоннинг ҳатто ичадиган суюқликлари таркибида ҳам дамламалар бўлиши керак.

Табиат неъматларидан узоқлашмаслик керак. Масалан, исириқ ўсимлигининг ҳам фойдаси жуда катта.

Бундан ташқари, оддий ёнғоқни олинг, у мия тўқималари фаолиятини яхшилайди. Ўрик ва унинг туршаги юракка дармон.

Вирус юқтирган ва ўз уйида даволанаётганлар-чи? Улар қандай чораларни кўриши керак? Ҳозир Ўзбекистондаги кўплаб беморлар ва уларнинг яқинлари айнан шундай тавсиявий қўлланмаларнинг мавжуд эмаслигидан норози бўлишмоқда.

Тасаввур қилинг, ҳар хил оилалар бор. Ҳомиладор ва ёш болали аёллар, қариялар, касаллар, кўп қаватли уйда ва жуда яқин масофада туриб яшашга мажбурлар.

— Касалликка чалиниб уйда даволанаётган беморлар учун қўлланма тайёрлаш жараёни якунига етган. Ҳозир уни барча ташкилот ва вазирликларга етказиш учун кўпайтириш жараёнлари кетяпти. Албатта, бу ҳаммага етарли миқдорда бўлади. Аҳолига эса ОАВ, жумладан, интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқлар, йирик аудиторияга эга телеграм каналлари орқали етказмоқчимиз.

Мен касалликка чалиниб уйда даволанаётган беморларга бир жиҳатни эслатмоқчиман. Улар аввало организмида вирус борлигини бир дақиқа бўлсин ёддан чиқармаслиги керак. Иккинчидан, касаллик уларнинг оила аъзоларига ҳали юқиб улгурмаган бўлса, уни юқтириб қўйишдан жиддий сақланиш керак. Беморлар ўзини имкон қадар алоҳидалаши керак.

Лекин уйда шароит бўлмаса ва касаллик клиник белгиларсиз кечаётган бўлса, бундай пайтда юқоридаги гуруҳ қарор қилади. Яъни у балки стационар даволанишга олиниши керакдир. Негаки, айрим беморларнинг уй шароитида даволаниш имконияти йўқ ва уни оила аъзоларига юқтириб қўйиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳозир бизда вирусдан эҳтиёт бўлишнинг энг самарали йўли сифатида дока ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва одамлар тўпланган жойга бормаслик бўлиб турибди.

Шунингдек, карантин муддатини тўла ўташ – касалликдан тузалиб кетиш ва уни бошқаларга юқтирмасликнинг ягона имконияти. Албатта, одамлар шифохонага ётадиган бўлса, уларда шунга яраша қандайдир ноқулайликлар ҳам келиб чиқади. Бегона муҳит, бегона шароит ва бегона одамлар.

Касалликни юқтирганлар, уларнинг қанча вақт уйда қолиши, қанча вақтга чиқиши ҳақида мобил гуруҳ бош қотиради.

Ҳозир биз тайёрлаган ҳужжат бўйича уйдаги кузатув муддати 10 кун қилиб белгиланган. Даволаш 10 кун давом этади. Ундан кейин бемор тест топширади ва натижа манфий чиқса, кузатув бекор қилинади. Сўнг бу одам бемалол ишга чиқавериши мумкин.

— Демак, бемор тўла даволаниб чиқиш учун 10 кун тўла етарли муддат?

— Албатта. Юқорида айтганимдек, Ўзбекистон шароитида касаллик ташхиси қўйилганлар, касалликнинг енгил формаси билан зарарланганлар 8 кунда тўлиқ даволаниб кетяпти.

Айтилган тавсияларга тўла амал қилинса, вирус юкламасининг ортиб кетишига йўл қўйилмаса, касаллик тезда даволанса, беморнинг организмида асорат қолмайди. Бундан тўғри хулоса қилиш керак.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид