Жанубий Корея Қирғизистон ва Қозоғистон фуқароларига мамлакатга киришни қатъийлаштирди
Жанубий Корея расмий идоралари 13 июлдан бошлаб фуқаролари учун мамлакатга кириш қоидалари қатъийлаштириладиган давлатлар рўйхатини эълон қилди. Бу давлатлар қаторидан Қозоғистон, Қирғизистон, Бангладеш ва Покистон жой олган.
Эндиликда бу давлатлардан Жанубий Кореяга келувчи барча кишилар коронавирусга таҳлил топширганлари ва унинг натижаси манфий чиққани ҳақида расмий маълумотномага эга бўлишлари керак. Ҳужжат Жанубий Кореяга учишдан 48 соатдан олдинроқ олинмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, маълумотнома Жанубий Кореянинг ушбу давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тан олинган муассаса ва клиникалар томонидан берилган бўлиши керак.
Бироқ ушбу маълумотнома Жанубий Кореяга хориждан келувчи барча, жумладан кореяликларнинг ўзи учун кўзда тутилган бошқа тиббий кўриклардан озод қилмайди. Жанубий Кореяга келувчилар 3 кун ичида коронавирусга такрор таҳлил топширишлари ва унинг натижасидан қатъий назар 14 кун карантинда қолишлари керак бўлади.
Аввалроқ юқорида келтирилган 4 та давлат учун бошқа чекловлар киритилиши маълум қилинганди. Жумладан, ушбу давлатлар билан чартер рейслар сони камайтирилади, самолётларнинг йўловчилар билан юкланганлиги 60 фоиздан ошмаслиги лозим. Шунингдек, Жанубий Кореяга қайта кириш учун рухсат олиш қоидалари ҳам қатъийлаштирилади. Шунингдек, 13 июлдан Жанубий Корея портларига келувчи барча кемалар экипажлари соҳилга тушиш учун 14 кунлик карантиндан ўтишлари лозим бўлади.
Сеулда таъкидланишича, яна 11 та давлатда коронавирус билан боғлиқ вазият синчковлик билан кузатилмоқда ва зарурат юзага келса, ушбу давлатларга нисбатан чекловлар қабул қилинади.
Кореялик амалдорлар бошқа давлатлардан коронавирусга чалинганлар келаётганидан хавотир билдиришган. 12 июлнинг ўзида Жанубий Кореяга хориждан кирганлардан 62 кишида вирус аниқланган. Касалланганлар аэропортлардаги назорат пунктларида ёки яшаш жойи бўйича таҳлил олинганда аниқланган.
Жанубий Корея расмийларининг таъкидлашича, уларни айниқса Қозоғистондаги вазият хавотирлантирмоқда. Охирги ҳафтада Жанубий Кореяга хориждан коронавирус олиб кирганлардан 40 фоизи Қозоғистондан келганлар бўлган. 1 июлдан 7 июлгача 124 нафар касалланган хорижлик аниқланган бўлса, улардан 53 нафари Қозоғистондан келганларга тўғри келган.
Сўнгги суткада Жанубий Кореяда 62 та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар жами 13 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда, улардан 289 киши вафот этган.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
09:40 / 12.11.2024
«Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий машғулотлари бошланди
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
20:54 / 11.11.2024