Ўзбекистон | 22:55 / 14.07.2020
6418
2 дақиқада ўқилади

ОАВ тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Дронлардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин

2019 йил 13 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4551-сонли қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлик зиммасига «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритган ҳолда янги таҳрирдаги лойиҳани ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди.

АОКА мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида хорижий тажрибани таҳлил қилиб, ахборот соҳасидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

«Барча таҳририятлар, журналистлар, муассислар, мутахассислар ҳамда ахборот соҳасига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни ушбу ҳавола орқали лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришга чорлаб қоламиз. Билдирилган барча таклиф ва тавсиялар Агентлик мутахассислари томонидан синчиклаб ўрганиб чиқилади ҳамда инобатга олинади», дейилади агентлик бош директори в.б. Дилшод Саиджоновнинг мурожаатида.

Лойиҳада оммавий ахборот воситалари фото- ва видеоматериалларни тайёрлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали тегишли давлат органи томонидан белгилаб берилган ҳудудларда, қирқ метргача бўлган баландликда, вазни уч килограммдан зиёд бўлмаган учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Мавзуга оид