Ўзбекистон | 14:40 / 14.07.2020
36249
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси касб эгалари кўпроқ коронавирусга чалинган? Мутахассис изоҳ берди

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган ҳар битта шахс ҳақида тўлиқ маълумотлар жамланмоқда. Бироқ ушбу маълумотлар, жумладан, қайси касб эгалари кўпроқ касалликни юқтиргани 2020 йил якунида эълон қилинадиган статистик ҳисоботда кўрсатилади.

Фото: KUN.UZ

«Мамлакатимизда коронавирусга чалинган ҳар битта шахс ҳақида тўлиқ маълумотлар йиғилади. Касалланганларнинг ёши, манзили, касб-кори, лавозими касаллик варақасида ёзиб борилмоқда.

Лекин ҳозир бирон бир касб вакили йўқки, коронавирус касаллигига учрамаган бўлса. Шундай экан, биз агар тўлиқ статистик маълумотларни таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, кимки хавфости гуруҳига мансуб бўлса, ўша аҳоли қатлами орасида коронавирус касаллиги кўплаб қайд этилаётганини кўришимиз мумкин. Қайси касб эгалари кўпроқ касаллангани йил якунида эълон қилинадиган статистик ҳисоботда кўрсатилади ва эҳтиёжга қараб ушбу маълумотлардан фойдаланилади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош давлат санитар врачининг айтишича, хориждан олиб келинаётган ўзбекистонликлар карантинни меҳмонхоналарда ўтказишлари мумкин, фақат уларни қабул қиладиган меҳмонхоналар карантин талабларига риоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак.

«Республика махсус комиссияси Ўзбекистон шаҳар ва туманлари кесимида чартер рейсларида олиб келинадиган фуқаролар карантинни ўтказишлари учун  меҳмонхоналар рўйхати шакллантирилган ва 10 кун учун нархлари белгиланган. Бу маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сайти ҳамда Telegram’даги Koronavirus Info каналидан топиш мумкин.

Чартер рейслар орқали республикага кириб келаётган шахслар учун бу меҳмонхоналар рўйхати тақдим этилади. Хориждан олиб келинган фуқароларнинг хоҳишлари асосида истовчилар ушбу меҳмонхоналарга жойлаштирилади.

Энг асосийси, ушбу меҳмонхоналар карантин талабларига риоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак. Демак, у ерда бўлиб турган шахсларни бир-биридан алоҳидалаш, қолаверса, қўриқлаш, ташқи муҳит билан мулоқотларини чеклаш асосий талаблардан биттаси ҳисобланади», дейди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид