Ўзбекистон | 21:27 / 14.07.2020
230495
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар коронавирусни иситмасиз, фақат томоқ оғриғи билан ўтказиб юборишяптими? Бош давлат санитария инспектори жавоб берди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг 60 фоиздан кўпроғида касаллик аломатларсиз, ҳеч қанақа клиник белгиларсиз кечяпти. Бу хақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков 13 июль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Нафақат тана ҳароратининг кўтарилиши, томоқда оғриқ, бурунда қандайдир ачишишнинг пайдо бўлиши, нафас етишмовчилиги, баъзи ҳолатларда ҳид билиш, таъм билиш функцияларининг пасайиши, ҳатто ич кетиш ҳолатларини ҳам коронавирус аломати бўлиши мумкинлигини қайта-қайта айтяпмиз.

Лекин аниқ биламизки, касалликка чалинганларни кўпчилиги, яъни қарийб 60 фоиздан кўпроғи аломатларсиз, ҳеч қанақа клиник белгиларсиз кечяпти. Демак, бир пайтнинг ўзида нафақат томоқ оғриғи ёки йўтал, балки бирон бир клиник белгиларсиз ҳам касаллик кечиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик керак. Агар беморлар билан мулоқотда бўлганлар бўлса, саломатликларини хавф остига қўймасдан зудлик билан текширувдан ўтишлари, COVID-19 юққан-юқмаганлигини аниқлаш учун тест топшириши мақсадга мувофиқ ҳисобланади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош давлат санитария инспекторининг айтишича, одамда ҳид ва таъм билиш хусусиятларининг йўқолиши коронавирус касаллигига шубҳа қилиш учун асос бўлиши мумкин.

«Ўзбекистон шароитида респиратор касалликлар, ўткир респиратор касалликларнинг бир неча турлари учраб туради. Грипп, пара-грипп касаллиги, ренавирус, риявирус, шу жумладан, коронавирус ҳам респиратор касалликлар сирасига киради.

Лекин биздаги ва дунё ҳамжамиятидаги кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус касаллигида айнан ўша ҳид ва таъм билиш хусусиятларининг йўқолиши кўпроқ намоён бўлади. Демак, бу каби белгиларни ўткир респиратор касалликлар фонида пайдо бўлиши коронавирус касаллигига шубҳа қилиш учун асос бўлиши мумкин»», дейди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид