Жаҳон | 19:29 / 14.07.2020
4547
2 дақиқада ўқилади

Япония компанияси нутқни матнга айлантирадиган ниқоб ишлаб чиқди

 C-Face ниқоби матнни инглиз, хитой, корейс, вьетнам, француз, испан, тай ва индонез тилларига таржима қила олади.

Фото: Donut Robotics

 Япониянинг Donut Robotics компанияси нутқни матнга айлантирадиган ва саккизта тилга таржима қиладиган C-Face ниқобини ишлаб чиқди.

 C-Face тиббиёт ниқоби ўрнини босмайди ва унинг устидан тақилади. У ҳаттоки 10 метр масофадан ҳам одамларнинг бир-бирини эшитишларига ёрдам беради.

"Тиббиёт ниқоби одамларнинг ўзаро мулоқотларида бир-бирларини тушунишларига халақит бермоқда. Шу сабабли мазкур ниқобни ўйлаб топдим. Унга шовқинни пасайтирувчи микрофон ўрнатилган. Товуш ушбу микрофондан Bluetooth орқали смартфон ёки компьютерга  узатилади ва нутқ экранда матн кўринишида пайдо бўлади. Ушбу матнни саккизта тилга таржима қилиш ҳам мумкин", - дейди компания раҳбари Тайсукэ Оно.

 C-Face ниқоби матнни инглиз, хитой, корейс, вьетнам, француз, испан, тай ва индонез тилларига таржима қила олади. Ниқоблар АҚШ ва Японияда йил охирига қадар сотувга чиқади.

Ниқоб нархи 4400 иенга (40 доллар атрофида) тенг.  У хорижий тилга таржима қилишдан ташқари, йиғилишларнинг стенографик ёзувини ҳам амалга ошириш имконини беради.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид