8 соатлик иш, 8 соатлик уйқу ва 8 соатлик эркинлик: дунё ишчилари эришган ғалаба
Кўплаб давлатларда одамлар ҳафтасига 40 соат ишлайди. Кўпчилик 40 соат ишлаш одатий ҳол бўлиб келган ва одатий бўлиб қолади, деган фикрда бўлиши мумкин. Бироқ 8 соатлик иш вақтига эришиш учун қачонлардир одамлар тиш-тирноғи билан курашишган.
Саноат инқилобида қалқиб чиққан муаммолар
Британияда бошланган саноат инқилоби кўплаб давлатларда фабрика меҳнатини оммалаштирди, капиталистик тизим ривожига ҳам ҳисса қўшди. Ишлаб чиқариш саноатлаша борди, бироқ бу каби ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда салбий муаммолар ҳам юзага чиқа бошлади.
Болалар меҳнатидан фойдаланиш, хавфли иш шароити ва ҳафтасига 6 кун давомида 10 соатдан 16 соатгача давом этадиган иш куни ана шундай асосий камчиликлардан эди.
Муаммоларни илғай бошлаган меҳнат вакиллари эса вазиятни яхшилаш учун ҳаракат қила бошлади.
1810 йилда 10 соатлик иш куни
Ҳозирги одамлар кунига 10 соат ишлашса, ўзларини узоқ давом этган сменадан чиққандек ҳис қилишади. Лекин 1810 йилда Шотландиянинг Нью-Ланарк шаҳридаги тегирмон эгаси Роберт Оуэн 10 соатлик иш кунини илк бор таклиф қилганида ишчилар буни таътилдек қабул қилишган.
10 соатлик иш кунини ҳам кўп деб ҳисоблаган Роберт Оуэн эса кейинроқ 8 соатлик иш куни учун кураша бошлади.
8 соатлик меҳнат, 8 соат уйқу ва 8 соатлик эркинлик
Роберт Оуэн 8 соатлик иш куни талаби билан чиққанида унинг шиори қуйидагича эди: “8 соатлик иш куни, 8 соатлик дам олиш вақти ва 8 соатлик уйқу”.
Кейинчалик Роберт Оуэннинг иш соатини қисқартириш ҳақидаги ғояларига кўпчилик томонидан эътибор қаратила бошланган. Буюк Британияда дастлаб аёллар ва болалар учун иш вақти 10 соат этиб белгиланди. Францияда эса 1848 йилда ишчилар кураши уларнинг 12 соатлик иш кунига эришиши билан якунланган.
1840 ва 1850 йилларда Австралия ва Янги Зеландиянинг малакали ишчилари ҳам кунига 8 соат ишлаш имконини қўлга киритишган.
Карл Маркс таклифи
Коммунистик мафкура асосчиси Карл Маркс ҳам қисқа иш кунини таклиф қилган.
Унинг фикрича, ишчини ортиқча ишлатиш унинг маънавий ва жисмоний ҳаққини ўғирлаш билан бирга ходимнинг иш самарадорлиги тушишига ва ҳатто ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун у ортиқча иш вақти ҳам ходим учун, ҳам иш берувчи учун зарарли деб ҳисоблаган.
Ва Маркс ҳар иккала томонни ҳам иш стандартларини ўзгартиришга ундаган.
Иқтисодни бир ҳафтага тўхтатган иш ташлашлар
АҚШ ҳам 40 соатлик иш ҳафтасига босқичма-босқич тарзда етиб келган.
Дастлаб 1791 йилда Филаделфия кўчаларида дурадгорлар 10 соатлик иш куни учун намойишлар бошлашган. 1830 йилдан бошлаб, 10 соатлик иш куни кўпчилик учун умумий талабга айланади. Филаделфия эса бутун давлат учун иш вақтини қисқартириш ҳаракатларининг маркази бўлиб қолган. Ва охир-оқибат 1835 йилда Филаделфияда Шимолий Америкадаги биринчи йирик иш ташлаш ўтказилади. Бу ирланд кўмир кони ишчиларининг шаҳардаги бошқа ишчиларни иш берувчиларга қарши оёққа туришга ундаши билан содир бўлган.
Филаделфия 10 соатлик иш куни талаби билан чиққанидан сўнг маълум муддат ўтгач, Чикагода 8 соатлик иш куни талаби юзага чиқади. 1864 йилда Чикагодаги меҳнаткашлар уюшмаси 8 соатлик иш кунини қатъий талаб қила бошлашади. Бунга жавобан Иллинойс ҳукумати бутун штат учун умумий бўлган 8 соатлик иш кунига рухсат берувчи қонун қабул қилади. Бироқ бу ҳуқуқий ҳужжатда бўшлиқлар кўплиги туфайли амалда самарасиз бўлиб чиқади. Шунинг учун ишчилар бунга жавобан иш ташлашади ва Чикаго иқтисоди бир ҳафтага тўхтайди.
Қонунга бўйсунмаган иш берувчилар
1868 йилда июнида Конгресс федерал ишчилар ҳолатини ўрганиб чиқиб, 8 соатлик иш куни тўғрисидаги актни ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқади. Қонун дастлаб президент Эндрю Жексоннинг ветосига сабаб бўлади, лекин қонунчилик унинг ветосини бекор қилади.
АҚШда 8 соатлик иш кунининг жорий қилиниши тўғрисидаги актга жавобан иш берувчилар ходимларининг ойликларини 20 фоизга қисқартириш билан жавоб қайтаришади. Бу эса ишчилар учун барибир ҳеч нарса яхши бўлмаётганини кўрсатарди.
Президент Улис Грант 1869 йилда ходимларнинг маошини қисқартирмайдиган қонун лойиҳасини эълон қилади. Бу қонун 1868 йилда эълон қилинган актни мустаҳкамлаши керак эди. Актдаги бўшлиқлар ва камчиликлар тузатилиб, федерал ишчилар 8 соатлик иш кунига эга бўлишади.
Бироқ шундан сўнг ҳам 8 соатлик иш куни ҳамма ишчилар учун умумий тарзда жорий этилмаган. Шунинг учун барча штатларда 8 соатлик иш кунига эришиш учун ҳаракатлар давом этаверади.
Форд жорий этган иш вақти
Америкада 40 соатлик иш куни жорий этилиши тартибини кўпчилик тарихчилар Ҳенри Форд номи билан боғлашади. Сабаби, у энг йирик иш берувчилардан бири сифатида бошқаларни 40 соатлик иш ҳафтаси яхши эканлигига ишонтирган.
Форд 40 соатдан ортиқ иш ҳафтаси самарадорликнинг пасайишига олиб келади деб ҳисоблаган. Ва 1914 йилнинг 5 январида иш вақтини 9 соатдан 8 соатга қисқартирибгина қолмай, кунлик маошларни 5 долларга ҳам оширади.
Форддан кейин кўплаб иш берувчилар унинг усулини қўллай бошлайди. Лекин барибир 48 соатлик иш ҳафтаси сақланиб қолган компаниялар кўп эди. Бироқ Форд бошлаб берган анъана бошқаларни ҳам секинлик билан ўзига эргаштира бошлайди.
Ва ниҳоят, 1950 йилдан бошлаб Америкада 8 соатлик иш куни умумий стандарт сифатида қабул қилинади.
Дунё бўйлаб 8 соат тамойили
Германияда дастлаб 20 асрнинг бошларида Зейс фабрикаларида 8 соатлик иш режимига ўтилган.
Францияда эса 1836 йилда 40 соатлик иш ҳафтаси тўғрисидаги илк қонун ҳужжати тайёрланган.
Россияда 8 соатлик иш куни 1917 йилда Октябрь инқилобидан кейин жорий этилган.
Испанияда узоқ вақт давом этган иш ташлашлар иқтисодга жиддий хавф сола бошлайди. 1919 йилда қарийб 44 кун давом этган юз минг кишилик иш ташлаш тадбирларидан сўнг ҳукумат меҳнат ҳуқуқларига оид қўшимча норма имзолашга мажбур бўлади. Ва шу йили мамлакатдаги ишчилар 8 соатлик иш кунига эга бўлишади. Бундан ташқари, Испания дунёда биринчи бўлиб 8 соатлик иш куни тўғрисида миллий қонун қабул қилган давлат сифатида тарихга кирган.
Буюк Британияда 1833 йилда қабул қилинган фабрикалар тўғрисидаги актга мувофиқ, дастлаб фақат болалар, яъни 9 ёшдан 13 ёшгача бўлганлар 8 соатлик иш кунига эга бўлганди. Ёши 14дан юқорилар ҳам 12 соат ишлашига тўғри келарди.
Иш вақти бундан ҳам қисқароқ бўлиши мумкинми?
Ҳозир бутун дунё учун 40 соатлик иш ҳафтаси стандарт бўлиб қолмоқда. Бироқ келажакда бу тенденция ҳам ўзгариши мумкин.
1930 йилларда иқтисодчи Жон Мейнард Кейнес дунё 2030 йилга бориб, технологик тараққиёт туфайли 15 соатлик иш ҳафтасига ўтади, дея башорат қилган.
Дунё ҳозирча бу тенденциядан узоқ, лекин турли иш усуллари ва технологиялар ишлаб чиқариш объектларида доимий равишда синовдан ўтказиб борилмоқда.
Мавзуга оид
20:38 / 06.11.2024
Қозоғистонда аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклиф қилинди
17:17 / 16.08.2024
Тўлиқсиз иш вақтида ишловчилар меҳнат шароитини кафолатловчи қонун маъқулланди
18:26 / 21.02.2024
«Ходимни зомби каби манипуляция қилиб ишлатишади»: давлат хизматчиларининг аёллари нима дейди?
11:50 / 31.07.2023