Дунёнинг жуда кўп мамлакатлари ўз тажрибасида 5 кунлик иш тизимини синаб кўрди ва жорий қилди. 5 кунлик иш ҳафтаси ходимларга иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлашга имконият бериб, иш самарадорлигини ошириши исботланди. Бу ходимларга жисмоний ва руҳий саломатликни тиклаш, оилалари ва фарзандлари учун етарли даражада вақт ажратиш имконини беради. Уларда стресс камаяди, шахсий ҳаёти яхшиланади.

Бутун дунё мамлакатлари ходимларнинг иш ва шахсий ҳаётларини мувофиқлаштиришга уринаётган пайтда Ўзбекистондаги айрим ташкилотларда фаолият юритадиган ходимларнинг оилалари издан чиқиш ёқасига келиб қолган. Бу ҳақида уларнинг аёллари ёзишмоқда.

Насиба, 29 ёшда:

— Турмуш ўртоғим билан севишиб турмуш қурганмиз, икки фарзандимиз бор. Иккимиз ҳам олий маълумотлимиз. Турмуш ўртоғим яхши жойда ишлайди, кичикроқ бўлса-да лавозими бор, маоши ҳам ёмон эмас.

Ўзим ҳам ўртача маошга ишлайман, иккимизнинг ойлигимиз яшаш учун бемалол етади. Унда муаммо нимада дерсиз? Муаммо шундаки, турмуш ўртоғим ишдан жуда кеч қайтади, ишда эзиб ишлатишади. Тунда соат 2 гача, баъзан саҳар соат 4 гача ҳам ишда қолади. Айтишича, раҳбар ишхонадан чиқиб кетмагунча бирор ходим уйига кетиши мумкин эмас экан.

Унга бу ишдан кетиши кераклигини айтяпман, ҳатто ойлиги камроқ бўлса ҳам майли дедим. Чунки суткалаб ўтириб ишлашдан, стрессдан семириб кетяпти, қаттиқ ҳориганидан юзи қариб сочлари оқариб кетди. Лекин бу ишдан кетишни хоҳламайди, карера учун. Чунки турмуш ўртоғим қобилиятли кадр.

Шу туфайли оиламизда турли низолар келиб чиқяпти, болаларим отасини кўришга ҳам улгурмай қолади. Ярим тунда келиб, улар уйғонмасдан яна ишга кетади.  Эр-хотин сифатида ҳам орамиз узоқлашиб кетяпти. Оила тинчлигига таъсир этувчи ташқи омилларни ким назорат қилади? Яхши ходимларни эзиб, босим остида ишлатишдан ким манфаат топади? Ходимни зомби каби манипуляция қилиб ишлатиш нега керак?

Ҳозирдан ўғлим ва қизимнинг қулоғига уқтиряпман – давлат ишхонасида ишламайсан, деб. Атрофдаги турмуш ўртоғи хорижда ишлаётган аёлларни ҳам кўраман, уларни тушунаман. Аммо шу ерда яшаб ҳам оиласига вақт ажрата олмаётган ходимларнинг оиласи улардан кам азият чекмаяпти. Бу вазият сабаб қанчадан қанча давлат хизматчиларининг болалари ота меҳрини кўрмай ўсяпти, яқинлар жабр чекяпти. Шу сабаб оиласи бузилиб кетаётганлар бор ахир.

Сабрия, 34 ёшда:

— Турмуш ўртоғим орган ходими. Ҳафтада бир кун якшанбани кутамиз, у билан гаплашиш учун. Баъзида ҳатто дам олиш кунида ҳам ишга боришга мажбур, чақириб олишади. Қариндошчилик, байрамлар, тўйлар, жанозаларда умуман қатнашолмайди. Ота-онасидан хабар олишга ҳам вақт топа олмай асабийлашади баъзида. Болаларни фақат ухлаб ётганда кўради. Дам олиш кунлари ишга чақиришганда, борманг, мажбур эмассиз бунга, болалар сизни соғинишган, десам жаҳли чиқади. Гап эшитаман, дейди.