Мурожаатда айтилишича, мутахассис ишловчи идорада меҳнат қонунчилиги, жумладан иш вақтига амал қилиш масаласи жуда оғир аҳволда.

“Эрталаб 8 яримда ишга келиб, кеч 10-11 гача иш жойимизда бўлишимиз керак. Чунки ҳоким ҳали ишда бўлади. У кетмаса, биз ҳам кетолмаймиз, сўраб қолиши мумкин. У сўраганда иш жойимизда бўлмасак, кейин ўзимизга қийин бўлади.

Ҳокимни билмадим, лекин бизга бундай ишлаш жуда оғир, болаларимизни бир неча кунлаб кўролмаймиз. Эрталаб чиқиб кетаётганда уйқуда бўлса, қайтганда ҳам аллақачон ухлаган бўлади. Бунинг устига йиғилишлар масаласи ҳам бор. Оилада ҳам хотиржамлик йўқ. Шу мавзуни ҳокимлигимизга келиб бир ўрганинглар”, – дейди ватандошимиз.

Ҳокимлик ходими гарчи бу масалани мурожаат сифатида ўрганишимизни сўраб ёзган бўлса-да, лекин бу муаммонинг фақат бир ҳудуд, мурожаатчи ишлаётган жой учун эмас, бутун республика учун долзарб эканини инобатга олган ҳолда уни мурожаат эмас, интервью шаклида таҳлил этишга қарор қилдик.

Интервью меҳмонлари Адвокат Раззоқ Алтиев, Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва психолог Бобоёр Тўраев бўлди.

— Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ва унинг ҳам бир тармоғи бўлган белгиланган иш вақтига амал қилинмаслиги масаласи доим катта муаммо бўлиб келган. Бу масала йиллар давомида тартибга келмади, ўзгармади.

Мана энди жуда оддий бир савол: нега бошқаларда бундай эмас-у, бизда шундай? Нега бошқаларга етган вақт бизга етмайди? Нега бошқалар кам ишлайди-ю, натижаси яхши, биз кўп ишлаймиз-у, натижамиз ёмон?

Абдураҳмон Ташанов:

— Ўзбекистонда меҳнат шароити таъминланиши «нол» даражада. Ҳамма жойда халқлар, раҳбарлар бир хил, лекин фарқ қонунларнинг ишлашида. Айни соҳани тартибга солувчи институтлардан бири Касаба уюшмалари федерацияси. Ўзи Ўзбекистонда касаба уюшмалари борми, бўлса қанақа? Асосий тийиб турувчи тизим бўлиши керак бу ҳам. Масалан, Францияда ҳукумат мухолифатдан кўра касаба уюшмаларидан кўпроқ қўрқади.

Биз яқин йилларгача мажбурий меҳнатдан халос бўлолмаган давлатмиз. Шундай бир ҳолатда меҳнат ҳуқуқлари борасида гапириш ғалати. Шахсан мен бу борада жуда негативман. Қонунчилик базасидан тортиб амалга ошириш институтларигача касаба уюшмаларининг ўрни йўқ. Номигагина бор бу ташкилот.