Жамият | 18:21 / 15.07.2020
3264
2 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида 6 млрд сўмлик маҳсулот қиммат сотилишининг олди олинди - Департамент

Агроинспекция Асака туман бўлими бошлиғи фермердан тамагирлик билан 10 минг АҚШ доллари пора олган вақтида ушланган. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти маълум қилди.

«Нархларни манипуляция қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тизимига путур етказувчи жиноятларга қарши кураш олиб борилмоқда. Ўтказилган тадбирларда қарийб 6 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари қиммат сотилишининг олди олинди.

Қишлоқ хўжалиги ерларини коррупцион жиноятлар орқали сотиш, захира учун ажратилган маблағларни талон-торож қилиш ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ 87та жиноят фош этилди», деди департамент расмийси.

Фарҳод Очиловнинг таъкидлашича, шундай жиноятлардан бири Асака туманида содир бўлган.

Маълум қилинишича, пандемия даврида Агроинспекция Асака туман бўлими бошлиғи тумандаги фермер хўжалигига тегишли 44 гектар ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўлиқ экилмаганини рўкач қилиб, ер майдонини бошқага олиб бериш билан қўрқитиб, хўжалик раҳбаридан тамагирлик билан 10 минг АҚШ доллари пора олган вақтида ушланган.

«Шунингдек, деҳқонларнинг мулкига кўз олайтираётганлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда. Масалан, икки нафар томорқа ер эгасига Марҳамат туман «Дехқон бозор» МЧЖ ҳудудида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилиши учун раста ажратиб бериши эвазига 2 миллион сўмни олишга уринган шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дея мисол келтирди Фарҳод Очилов.

Мавзуга оид