Ўзбекистон | 10:16 / 16.07.2020
4091
2 дақиқада ўқилади

Жаҳоннинг етакчи лицензиари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация ва қайта қуриш лойиҳа ҳужжатларини ишлайди

Жаҳоннинг етакчи лицензиари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация ва қайта қуриш лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун жалб қилинди, деб хабар берди «Ўзбекнефтгаз».

Фото: Ўзбекнефтгаз

2020 йил 6 июль куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Жанубий Кореянинг «SK Engineering & Construction» компанияси президенти Жейсон Анн Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва қайта қуриш бўйича шартнома имзолаган эдилар. 

«Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва қайта қуриш» лойиҳаси доирасида, «Бухоро НҚИЗ» МЧЖ ва «Honeywell UOP» (АҚШ) компанияси ўртасида технологик ускуналар ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиш бўйича битим ва лицензия шартномаси ҳам имзоланди.

«Бухоро НҚИЗ модернизация қилиш ва қайта қуриш» лойиҳаси мавжуд қувватларни қайта ишлаш чуқурлигини 79 фоиздан 95 фоизгача ошириш, тиниқ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 77 фоиздан 91 фоизгача ошириш ва «Евро 5» стандартининг талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

Ушбу лойиҳа доирасида умумий нафтани гидротозалаш, енгил нафтани изомеризация қилиш, водород тозалигини ошириш учун қисқа циклли адсорбция қурилмалари ва мазутни каталитик крекинглаш комплексини янгидан қуриш ҳамда нордон газларни аминли тозалаш, газойлни гидротозалаш, нефть ва газ конденсати аралашмаларини атмосфера дистиллаш қурилмаларини қайта қуриш режалаштирилган.  

Таъкидлаш керакки, нефть-кимё ва энергетика саноатида лойиҳалаш ва қуриш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлган «Honeywell UOP» компанияси лизензия ва технологик ускуналарнинг пудратчиси сифатида Ўзбекистондаги 20дан ортиқ йирик лойиҳаларда иштирок этган. Шулар қаторида, «Қандим» газни қайта ишлаш заводида газни қуритиш ва меркаптанлардан тозалаш жараёни ҳам бор. 

Маълумот учун: «Honeywell UOP» компанияси 1886 йилда ташкил этилган бўлиб, нефть ва газни қайта ишлаш, нефть-кимё саноатида саноат технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда етакчи ҳисобланади.

Мавзуга оид