Бу борадаги баҳслар Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг масала юзасидан тушунтириш бериши ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг вазир фикрларига нисбатан билдирган эътирозларидан кейин анча жонланди.

Kun.uz мухбири масала юзасидан батафсил маълумот олиш ҳамда фан соатларининг нима сабабдан оптимизация қилинаётганига аниқлик киритиш мақсадида Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов билан интервью уюштирди.

– Шуҳрат ака, мавзуга киришдан аввал таълим маркази фаолияти бўйича маълумот берсангиз.

– Республика таълим маркази таълим тизимининг юраги деб айтишимиз мумкин. Таълимнинг мазмун-моҳияти ва кейинги режалари айнан шу марказда тайёрланади. Оддий ўқув стандартларидан бошлаб, ўқув дастури ва дарсликлар, ўқитиш методикасигача шу ерда яратилади. Нимани ўқитамиз ва қандай ўқитамиз, деган саволларга республика таълим маркази жавоб беради.

– Фикр ва мунозараларга сабаб бўлаётган ўзгариш – мактабларда она тилини фани соатларининг қисқаришдан қандай мақсад кўзланган? Шунингдек, бу фан мисолида айнан қандай оптимизация кутилмоқда?

– Биринчи навбатда қайд этиб ўтиш лозимки, Алишер Қодировни кучли сиёсатчи сифатида биламиз, лекин у бундай баёнот беришдан аввал масаланинг моҳиятига етиб борганида жуда яхши бўларди. Бугун олдимиздаги асосий мақсад ўзгариш эмасми? Тараққиётни хоҳласак, ўзгаришимиз керак эмасми? Янгиликларни қабул қилишимиз керак эмасми? Агар биз ҳар қандай янгиликка эҳтирос билан муносабат билдирадиган бўлсак, бу ўша янгиликни омма олдида ёмонотлиқ қилиши мумкин. Ёки ҳукуматни халққа душман қилиб кўрсатиши мумкин. Баёнотда бир қатор англашилмовчиликлар мавжуд. Тил бу – инсон тафаккурини шакллантирувчи жуда катта хазина, бойлик. Биз ҳам айнан тилнинг орқасидан шунчалик азиз бўлиб юрибмиз.

Халқ таълими вазирининг 52-сонли буйруғи мавжуд – “Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режасини тасдиқлаш тўғрисида”. Умумий ўрта таълим мактаблари учун ҳафталик ўқув соатлари белгиланади. Бир ҳафта давомида бола қайси фанни неча соат ўқиши белгилаб берилган. Бунда ҳеч бир синфда она тили икки соат ўқитилиши кўрсатилмаган. Ваҳоланки, баёнотда она тили икки соат ўқитиларкан, деб айтилмоқда. Бу йил мақбуллаштирилган бошланғич 2-, 4-, синфларда ўқувчи она тилини 7 соатдан ўқияпти. 5-, 6-синфларда эса олти соатдан ўқияпти. Яъни ўқувчи бир кунда бешта фан ўқиса, шулардан бири она тили.