«Одамлар кислород муаммосини ўзи ҳал қиляпти, бу – бемаънилик!». Тўқаев ҳокимларни кескин танқид қилди
Қозоғистон президенти мамлакатда одамлар коронавирусга қарши курашда ўзи курашаётганини айтиб, вазият шунчаликка келиб қолганини бемаънилик деб атади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини, одамлар муаммоларини ўзи ҳал қилишга уринаётганини айтди.
«Давлат идораларининг масъулиятсизлиги сабаб одамлар бу муаммони мустақил ҳал қилишга уринмоқда. Бу – бемаънилик. Тасаввур қиляпсизми, одамлар саноат баллонларида кислород сотиб олмоқда. Ахир бу касалхоналарнинг тўғридан-тўғри вазифаси-ку!
Ҳовли ва ҳатто кўп қаватли уйлардаги одамлар саноат баллонларида кислород сотиб олиб ишлатаётгани ҳақида маълумотлар бор. Ҳукумат ва ҳокимларга касалхоналарда кислород муаммосини ҳал қилиш, уйларда кислороддан фойдаланиш (яъни тиббий баллонлардан) шароитини қилиш учун беш кун муддат берилади», деган Тўқаев.
Қозоғистон президенти шаҳарларда аҳвол яхшиланаётгани баробарида қишлоқларда ташхис ва даволаш билан боғлиқ муаммо борлигини айтган: «Қишлоқларда тиббиёт ходимларининг етишмаслиги ва тиббий инфратузилманинг йўқлиги ҳамон долзарб муаммолигича қолмоқда. Ҳукумат 2 300та универсал мобил бригадалар ташкил қилиши вазифасини олган, аммо улар асосан шаҳарларда ҳаракат қилади. Қишлоқлар ҳақида унутмаслик керак. Ҳукуматга қишлоқлардаги тиббий ҳолатни яхшилаш топшириғи берилди», деган Тўқаев.
Қозоғистон президенти видеоселектор кўринишидаги йиғилишда ҳукумат ва ҳокимларни кескин танқид қилди: «Ҳужатларда ҳаммаси яхши, лекин аслида вазият ёмон. Администрациямга бутун мамлакат бўйлаб дори-дармон воситаларининг қанчалик етиб борганини текшириш вазифасини бердим. Атирау, Ғарбий-Қозоғистон, Жамбул, Караганда, Нур-Султон ва Олмаотада ҳаётий зарур воситалар тақчиллиги ва уларни сотиб олиш учун узундан-узун навбатлар кузатилмоқда. Қора бозор ривожланиб кетяпти.
Ҳокимлар афтидан фавқулодда ҳолатларда нима қилишни билмай қолган. Улар бирламчи муаммоларни ҳал қилишда нўноқлик қилиб одамларнинг ҳукуматга бўлган ишончини пасайтирмоқда.
Баъзи ҳудудларда касаллик аниқланиш ҳолатлари паст ва афсуски, бу жойлардаги лабораториялар фаолиятининг ёмонлиги сабаб. Ҳукуматга тест ўтказиш тизими бўйича жиддий назорат ўтказишни буюраман. Биз ҳеч нимани яширмаслигимиз керак», деб Тўқаевнинг сўзларини келтирмоқда Tengrinews.kz сайти.
Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун жуда зарур бўлган кислород концентраторлари импорти учун божхона тўловлари бекор бўлгани эълон қилинганди. Бироқ ҳозирда мамлакатнинг аксар ҳудудларида дори-дармон воситалари етишмовчилиги кузатилмоқда. Дорилар нархи 20 бараваргача кўтарилиб кетган.
Интернетда фойдаланувчиларнинг коронавирус аломатлари бор оғир аҳволдаги яқинларини касалхонага ётқиза олмаётгани ҳақидаги постлар тобора кўпайиб бормоқда. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам беморларни касалхоналарга ётқизиш билан муаммо кузатилмоқда. Туркманистонликлар эса «чанг ҳаво сабаб» ниқоб тақишни бошлашди.
Ўзбекистонлик иқтисодчи мамлакатдаги кислород концентраторлари муаммосини ҳал қилиш учун бирлашиш кераклигини айтган ва муаммонинг ечими сифатида тадбиркорлар бундай концентраторларни олиб кириб ички бозорни таъминлашини келтирганди.
Мавзуга оид
21:02 / 17.10.2024
Россияни ҳарбий жиҳатдан енгиб бўлмайди — Тўқаев
20:51 / 16.10.2024
Қозоғистон BRICS аъзоси бўлишдан бош тортди
17:06 / 06.10.2024
Қозоғистонда АЭСни халқаро консорциум қуриши керак – Тўқаев
14:28 / 02.10.2024