Жаҳон | 20:23 / 18.07.2020
6052
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев ҳукуматни COVID-19га қарши курашдаги сусткашлиги учун танқид қилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев барча муаммолар ишни нотўғри режалаштиришдан келиб чиқишини таъкидлар экан, буни ўтакетган нопрофессионаллик деб атади.

Фото: akorda.kz

 Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича комиссия йиғилишида ҳукумат ва ҳудудлар раҳбарларини ишдаги камчиликлари учун танқид қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

 "Ҳисоботларга кўра, вазият назорат остида. Аммо аслида бундай эмас. Мен маъмуриятга бутун мамлакатдаги дори сотиш чакана тармоқларини текшириш топшириғини бердим. Натижалар қувонарли эмас. Ғарбий Қозоғистон, Атирау, Жамбил ва Қарағанда областлари, Нур-Султон ва Алматида дорилар танқислиги ва навбатлар сақланиб қолмоқда, ҳаётий муҳим дорилар нархи ошиб кетганлиги аниқланмоқда. Қора бозор гулламоқда", - деди Тўқаев. 

Унинг таъкидлашича, статистика ва таҳлилдаги чалкашликлар, самарасиз режалаштириш натижасида ҳудудлар зарур дори воситалари ҳажмини аниқлай оладиган ҳолатда эмас.

Тўқаев барча муаммолар ишни нотўғри режалаштиришдан келиб чиқишини таъкидлар экан, буни ўтакетган нопрофессионаллик деб атади.

Июль ойи бошида Қозоғистонда вазият ёмонлашгани туфайли қайта карантин жорий этилди. 13 июль куни эса мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар хотираси учун мотам куни эълон қилинди.

Мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 69 мингга яқинлашган, 375 киши вафот этган.

Мавзуга оид