Ўзбекистон | 21:54 / 18.07.2020
12363
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тез ёрдам 15 дақиқада етиб бориши учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев тез ёрдам хизматининг самарали ишлаши учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, соат 18:00дан 24:00га қадар бўлган вақти оралиғида тез ёрдам хизматига энг кўп мурожаатлар келиб тушади, шу боис бу вақтда хизмат кўрсатиш учун энг тажрибали операторлар танлаб олинмоқда.

«Яхши ишлаган операторларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилмоқда. Ҳар бир қабул қилинган ва сифатли қайта ишланган қўнғироқ учун 1500 сўм, аъло муомала учун 500 сўм қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, тез ёрдам бригадаси 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда етиб бориши чоралари кўрилади. Яхши ишлаган бригадалар учун рағбатлантириш тизими қўлланилади.

Бундан ташқари, жойлардаги автопаркларга қўшимча равишда 25та «Дамас» русумли тез ёрдам машинаси етказиб берилди», – дея Маҳмудхўжаевнинг 18 июль куни АОКАда бўлиб ўтган брифингдаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасаларидаги 423та бўш иш ўрнини малакали мутахассислар билан зудлик билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

«Тошкент шаҳридаги 42та касалхонанинг 1 ҳафталик эҳтиёжи учун 70 мингта тиббий ниқоб, 70 мингта тиббий комбинезон, 150 мингта тиббий қўлқоп, 3 мингта тиббий кўзойнак, 5 мингта тиббий бош кийим, 200 минг бахилла етказиб берилди.

Тошкент шаҳридаги тиббиёт олий таълим муассасалари ва марказларининг 284 нафар ходими уй шароитида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олади», – деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийси.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид