Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 69-сессиясида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев чиқиш қилиб, ҳокимлик қошидаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти бўйича таклиф берди.
“Ўзингизга маълум, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражаси сифатини янада ошириш – асосий мақсадимиз. Лекин сўнгги вақтларда аҳолимиз манфаати учун қилаётган хайрли ишларимизни кенг жамоатчиликка ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бера олмаётганимиз сабаб, турли эътироз ва баъзи пайтда нохолис танқидларга учраяпмиз.
Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталмоқчиман, амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар кўлами қанчалик кенг, катта бўлмасин, жамоатчиликнинг фикри, маслаҳати ва керак бўлса баъзи ўринларда танқидисиз кутилган ижобий натижага эришишнинг иложи йўқ.
Шу сабабли биз жамоатчилик билан яқиндан ва очиқ ишлаш, аҳолининг фаол қисмини шаҳримизда олиб борилаётган ислоҳотларга кенгроқ жалб этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши ишини сиз депутатларимиз билан бамаслаҳат қайта кўриб чиқишга қарор қилдик.
Эндиликда Жамоатчилик кенгаши фуқароларимизга олиб борилаётган ислоҳотлар ва лойиҳаларни тўлиқ, шаффоф етказиб бера оладиган ваколат ва тизимга эга тузилма бўлади.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгашининг янги таркиби шакллантирилди. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, янги Жамоатчилик кенгаши ишида эксперт сифатида хоҳлаган фуқаро иштирок этиши мумкин”, – деди ҳоким.
Ортиқхўжаев кенгаш раиси лавозимига Тошкент шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев номзодини таклиф қилди. У аввалроқ шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бўлган.
“Фурқат акани ортиқча таништириб ўтириш менимча шарт эмас, давлат ва жамоат ташкилотларида узоқ йиллар давомида масъул вазифаларни бажариб келган. Қолаверса, Тошкент шаҳрининг тараққиёти ва тақдирига доимо жон куйдирадиган фидойи, ватанпарвар инсонларидан бири.
Мен кенг жамоатчиликка, ОАВ вакилларини, журналист ва блогерларни, хусусан, шаҳримиздаги ўзгаришлар, пойтахтимизнинг флора ва фаунасига бефарқ бўлмаган Никита Макаренко, Александра Иванюженко, Саодат Абдузакирова, Абу Али Ниёзматов каби фаол ҳамшаҳарларимизни Жамоатчилик кенгаши аъзолигига таклиф қиламан.














