Жаҳон | 22:57 / 19.07.2020
51624
6 дақиқада ўқилади

Аср охирига бориб туғилиш камайиши дунёда нималарни ўзгартириши мумкин?

Якунланаётган ҳафтада ўтказилган бир тадқиқот туғилиш даражаси инсоният келажагига таъсир қиладиган даражада пасайганини кўрсатди. Бу биз билган дунёни тубдан ўзгартириб юборадиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фото: Getty Images

Вашингтон университетининг соғлиқни сақлаш статистикаси бўлими (Institute for Health Metrics and Evaluation) мутахассисларининг тахминига кўра, Ер юзи аҳолиси 2064 йилда ўзининг энг юқори кўрсаткичига – 9,7 миллиард кишига етади, шундан сўнг улар сони аста-секин пасайиб, аср охирида 8,8 миллиард кишини ташкил қилади.

Қайд этилишича, тадқиқотчилар дунёдаги туғиш коэффициенти (бир аёл ҳаёти давомида дунёга келтира оладиган болалар сони) ўзгаришини таҳлил қилиб шундай хулосага келган. Хусусан, 1950 йилда бу кўрсаткич 4,7 бўлган бўлса, 2017 йилда икки баравар камайиб 2,4 ни ташкил этган.

Мутахассислар 2100 йилга бориб туғиш коэффициенти 1,7 гача тушиб кетишини прогноз қилмоқда. Олимлар агар ушбу коэффициент 2,1 дан тушиб кетса, Ер юзи аҳолиси қисқара бошлашига эътибор қаратган.

1. Қашшоқ давлатлар учун ижобий бўлиши мумкин

Яқин вақтлар ичида дунё аҳолиси ёппасига кексайиши кутилмоқда / Getty Images

Ҳолат дунёнинг турли қисмларидаги сегментларга турлича таъсир кўрсатади. Туғилишнинг пасайиши, аслида, иқтисодий ривожланиш билан чамбарчас боғлиқ. Бу ҳолат камбағал мамлакатларда аёлларнинг таълим ва иш ҳаётида кўпроқ иштирок этишини, иш топишда имкониятлари кенгайишини, туғилишлар сони назорат остига олинишини англатади.

Шундай қилиб, кам даромадли мамлакатлар учун туғилиш даражаси юқори турмуш даражасини ифодалаши мумкин. Айтиш мумкинки, ҳар бир бола учун даромад улушининг ошиши билан соғлиқ ва таълим имкониятлари ҳам яхшиланади. Бироқ ушбу пасайишнинг давом этиши туғилиш кўрсаткичи йиллар давомида пасайиб бораётган мамлакатлар учун янги муаммоларни келтириб чиқаради.

Ушбу мамлакатларнинг ўртача ёши ошиб бориши натижасида меҳнат билан шуғуллана оладиган фаол аҳоли сони ва солиқлар камайиб кетиши мумкин. Ҳукуматлар ўсиб бораётган ёши катта аҳолига ғамхўрлик қилиш учун қандай ишларни амалга ошириш хусусида бош қотиришига тўғри келади.

2. Нафақага чиқиш ёши ошиши мумкин

Фото: Getty Images

Одамлар нафақага чиқиш учун узоқроқ муддат ишлашига тўғри келиши мумкин.

Аҳолининг қариши билан боғлиқ энг катта хавотирлардан бири – ушбу қатламга мансуб инсонларнинг касалликка кўп чалиниш эҳтимолидир. Бироқ тиббиёт ва фаннинг ривожланиши билан одамларнинг умр кўриш давомийлиги ошиб бормоқда. Бу билан параллел равишда «соғлом умр кўриш» умиди ҳам ортмоқда.

Уруш каби фавқулодда ҳолатларни бошдан кечираётган мамлакатлардан ташқари дунёнинг турли нуқталарида туғилган чақалоқлар йигирма йил аввалги, яъни 2000 йилда туғилган чақалоқларга нисбатан беш йил кўпроқ умр кўриши тахмин қилинмоқда.

Масалан, Руандада янги туғилган чақалоқнинг соғлом умр кўриш даражаси 2000 йилда туғилганларга қараганда ўртача 22 йил узайди.

Буюк Британия, Германия ва АҚШ каби аҳоли жон бошига даромадлари юқори бўлган мамлакатларда айни пайтда соғлом умр кўриш кўрсаткичи бир йилдан уч йилгача ошди.

Шу боис, Оксфорд профессори Сара Ҳарпер одамларнинг кексайиши билан боғлиқ ташвишларни бўрттирмаслик кераклигини айтмоқда. «Кекса инсонларнинг соғлиги 20-30 йил олдингиларига қараганда анча яхши, улар узоқ умр кўриши, ишлаши ва жуда фаол ҳаёт кечириши мумкин», дейди Ҳарпер.

Бунга қўшимча ўлароқ, Оксфорд университети доктори Ҳанна Ритчи 50 йилдан сўнг иш шароитлари бутунлай ўзгариши мумкинлигини ҳисобга олиш кераклигини таъкидламоқда.

3. Ҳукуматлар чегараларни очишга мажбур бўлиши мумкин

Туғилиш даражаси ва умр кўриш давомийлиги мамлакатлар аҳолисининг кўпайиши ёки камайишини белгиловчи икки муҳим элементдир. Миграция эса бу қаторга учинчи элемент сифатида қўшилади.

Аҳоли сони камайиб кетаётган ва миллати қариётган мамлакатлар бошқа давлатлардан ёшларни жалб қилишга мажбур бўлишлари мумкин. Натижада биз яшаётган дунё миграция суръати тезлашган, этник ва маданий жиҳатдан қоришиқ маконга айланади.

4. Ота-оналарни қўллаб-қувватлаш кучайиши мумкин

Фото: Getty Images

Ҳукуматлар томонидан аҳоли сони ўсишини секинлаштириш ёки тезлаштириш учун қатъий чоралар кўриш ҳолатлари тажрибада бор. Масалан, сўнгги йилларда бола парвариши учун ота-оналарга узоқ муддатли таътил берувчи Скандинавия мамлакатларида туғилиш даражаси ўсиб бормоқда.

Шу сабабли, аҳолиси келажакда энг тез камайиши кутилаётган ривожланган мамлакатлар ота-оналарни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш орқали туғилишни кўпайтиришга ҳаракат қилишлари мумкин.

Шунингдек, ҳукуматлар пенсия ёшини ошириб, ишчиларни бола тарбиялаш учун бир муддат ишдан бўшатишлари ва уларга кейинроқ бу муддатни компенсация қилиш имкониятини тақдим этишлари мумкин.

5. Касалга қаровчи ҳамширалар ҳам шифокорлардай керакли инсонга айланади

Лондон иқтисод мактаби (London School of Economics) мутахассиси доктор Тизиана Леоненинг айтишича, соғлом ҳаёт қанчалик узоқ давом этса, кекса аҳоли сони шунча кўпайиб, уларни парваришлашга бўлган эҳтиёж ҳам ўсади.

Доктор Леоне аҳолиси кексариб бораётган мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ва ижтимоий ёрдам тизимлари инқирозга дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Унинг сўзларига кўра, бундай мамлакатларда педиатрлар ва акушерларга эҳтиёж камроқ бўлади, шунинг учун кекса ёшдагиларга ғамхўрлик қилувчи ишчиларни тайёрлаш жараёнини ҳозирдан бошлаш керак.

6. Экологик жиҳатдан ижобий ҳол кузатилиши мумкин

Профессор Ҳарпернинг фикрича, дунё аҳолиси сонининг камайиши атроф-муҳит ва табиий ҳаёт учун яхши бўлади.

Аммо доктор Ритчи иқлим ўзгаришига аҳоли сонидан кўра кўпроқ иқтисодий ўсиш кўпроқ таъсир қилиши мумкинлигини айтмоқда. Истиқболда иқтисодий ҳаёт қандай шаклланишини олдиндан айтиш қийин. Агар аҳоли камайишига қарамай, истеъмол ортиб борса, экологияга жиддий зарар етиши мумкин.

Худди шундай, технология тараққиётининг қай йўналишда бориши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яъни атроф-муҳитга етказиладиган зарарни камайтирувчи технологияларга сармоя киритиш ҳамиша долзарб бўлиб қолади.

Мавзуга оид