Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари Ўзбекистон аҳолиси сони 39 047 321 нафар эканини кўрсатди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев маълум қилди.

Рўйхатга олиш натижасидаги аҳоли сони расмий статистикадан 810,6 минг нафарга фарқ қилмоқда.

  • Ўзбекистон аҳолиси сони охирги марта рўйхатга олиш ўтказилган 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан 2 баробарга ошган.

Аҳолининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи қишлоқ жойларда яшамоқда.

Рўйхатга олишда аҳолининг 97,3 фоизи қамраб олинди

Қайд этилишича, аҳолини рўйхатга олишда умумий аҳолининг 97,3 фоизи рўйхатга олинган.

Аҳолининг 2,7 фоизи эса турли сабабларга кўра рўйхатга олиш жараёнларида иштирок этмаган.

Таъкидланишича, мазкур кўрсаткич халқаро меъёрлар бўйича нормал ҳолат ҳисобланади. Айрим давлатлар тажрибасида рўйхатга олиш жараёнида қамраб олинмаган аҳоли улуши 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Рўйхатга олиш харажати

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш учун сарфланган харажат 0,12 АҚШ долларини ташкил этган.

Статқўм изоҳига кўра, мазкур кўрсаткич рўйхатга олиш жараёнини ташкил этишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланилгани ҳамда ташкилий харажатлар мақбуллаштирилганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 2026 йил январ-феврал ойларида бўлиб ўтган эди.