Ўзбекистон | 15:59 / 19.07.2020
10219
2 дақиқада ўқилади

Тез ёрдам ходимлари битта «заявка»га фақат бир нафар беморни текшираётганига изоҳ берилди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева тез ёрдам чақирилганда фақатгина бир нафар беморга хизмат кўрсатиш ҳоллари бўйича изоҳ берди.

«Тез ёрдам ўз номи билан тез ёрдам, унга келган мурожаат бўйича вақт ажратилади, негаки уни худди шу бемор сингари бошқа бир касал навбатда зориқиб кутиб турибди. Шунинг учун унинг ваколатига ўша чақирувда ёздирилган беморнигина кўриш киради.

Шу хонадонда бемордан бошқа одамнинг саломатлиги инқирозли ҳолатда бўлса, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлса, албатта, унга ёрдам кўрсатиши керак», дея мутахассиснинг 19 июль кунги брифингдан сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассис аҳолига тез ёрдам чақираётганда иккинчи ёки учинчи одамни ҳам ёздириб қўйишни тавсия этган.

Шунингдек, штаб аъзоси беморда коронавирус аломатлари бўлсаю, тест натижаси бўлмаса ёки натижа манфий чиққан бўлса ҳам унинг даволаш муассасасига ётқизилиши кераклигини эслатиб ўтди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 16 июлдаги 188-сонли буйруғига кўра, COVID-19 учун таҳлил топширмаган ёки топширган таҳлилнинг натижалари манфий бўлиб, касалликнинг яққол клиник аломатлари мавжуд беморларнинг тез тиббий ёрдам тизими ёки ситуацион марказ, ҳамда мобил гуруҳларнинг хулосаси орқали ихтисослаштирилган барча провизор касалхоналарга ётқизилиши таъминланиши керак.

COVID-19 инфекциясининг клиник белгилари билан нафас етишмаслиги, аускультатив пневмония белгилари яққол намоён бўлмаганда, беморларнинг коронавирусга лаборатор таҳлиллар бўлмаган ҳолда ҳам беморни даволаш муассасасига тўғридан тўғри ётқизишга рухсат берилиши кўрсатилган», деди Феруза Ҳамробоева.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фуқаро хонадонига чақирувга келган тез ёрдам гуруҳининг биттадан ортиқ беморни кўрмаслигини айтиб, одамлар билан баҳслашаётгани тасвирланган видео тарқалган эди.

Мавзуга оид