Жаҳон | 01:13 / 19.07.2020
20901
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Россия билан “тил бириктирганлик” тўғрисидаги хабарларга жавоб қайтарди

Фото: AP

"Толибон" ҳаракатининг расмий вакили Суҳайл шаҳин АҚШ аскарлари ўлдирилиши учун Россия пул бергани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади.

Аввалроқ New York Times газетаси Россия ҳарбий разведкасининг қайсидир бўлинмаси америкалик ҳарбийларга ҳужум қилиши учун толибларга пул бергани тўғрисида мақола чоп этганди.

"Бу "рус мукофотлари" — ёлғон. Бу асоссиз айблов. Биз кимнингдир пули учун жанг қилмаяпмиз. Одамларимиз ўз мафкурамиз учун жанг ва ўзларини қурбон қилмоқда", — деди Шаҳин.

Шаҳиннинг фикрича, Америка ОАВда чоп этилган бундай мақолалар АҚШнинг ички сиёсати ҳамда Вашингтондаги айрим кучларнинг АҚШ ва "Толибон" ўртасида Доҳада имзоланган тинчлик келишувни йўққа чиқариш хоҳиши билан боғлиқ.

Россиялик дипломатлар New York Times нашри мақоласига кескин норозилик билдиришди.

“Агар ҳаммага маълум бўлган фактлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Афғонистонда Америка разведка жамияти доирасидаги кишилар наркотрафикка алоқадорлиги, транспорт карвонлари ҳаракати учун жангариларга пул тўлаши ва америкалик сайловчилар солиғи ҳисобига бажариладиган турли лойиҳалар  билан шуғулланишлари сир эмас», дейилади Россия ТИВ баёнотида. Америка газетасидаги материал эса «фейк хабар» деб аталган.

Дональд Трамп мақолани "буюртма" деб атади. Унинг фикрича, Россиянинг толиблар билан келишуви тўғрисидаги ҳикояни шахсан унга ва республикачилар партиясига зарар етказиш учун ўйлаб топишган.

Мавзуга оид