Ўзбекистон | 12:36 / 20.07.2020
6555
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда реал вақтда ишлай оладиган илк инновацион телемедицина клиникаси иш бошлади

Телемедицина маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқ туманида ташкил этилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

2020 йилнинг 17 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда республикада илк бор телемедицина амалиётига старт берди

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали профессор ва шифокорлари Мўйноқ туманидаги 18 ёшгача бўлган сурункали касалликлари бор болаларни реал вақтда масофадан тиббий кўрикдан ўтказдилар. 

Тиббий кўрик жараёнида болалар текширилиб, уларга энг мақбул даво чоралари тавсия қилинди. Юртимизнинг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқ туманида истиқомат қилувчи болалар мазкур туманда ташкил этилган замонавий Инновацион телемедицина клиникасига келиб, юртимизнинг энг етук шифокорларидан маслаҳатлар олдилар.

Мазкур Инновацион телемедицина маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқ туманида ташкил этилди. Туман ҳокимлиги ажратган ер майдонида Бош прокуратуранинг Мўйноқни ривожлантириш махсус бошқармаси билан ҳамкорликда мазкур клиника биноси қуриб битирилди ҳамда АҚШнинг AMD компанияси билан ҳамкорликда телемедицинага оид барча керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Клиниканинг асосий вазифаси Мўйноқ мисолида Ўзбекистонда илк бор чекка ҳудудларда жойлашган аҳолини Республика марказидаги малакали шифокорлар ва дунёни исталган нуқтасидаги тиббиёт муассасаларидаги мутахассислар билан реал вақт оралиғида боғланиб (онлайн) тиббий кўрикдан ўтказиш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, терапевтик даво маслаҳатларини олиш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид