Жамият | 17:16 / 20.07.2020
10024
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда автомобилига ўзбошимчалик билан маёқча ўрнатиб олган 21 ёшли йигит жазоланди

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи 21 ёшли йигит шахсий автомобилига маёқча ўрнатиб олгани учун жазоланди. Унга қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

20 июль куни ижтимоий тармоқларда «Хоразмлик шоввоз йигитни сюрприз кутмоқда» номи остида видеолавҳа тарқалди. Унда «Жентра» русумли автомобилига милтилловчи махсус маёқчани ўрнатиб олган йигит тасвирланган эди, деб хабар беради Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Аниқланишича, бу йигит Қўшкўпир туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, фуқаро А.Х. бўлиб, у 19 июль куни кечки пайтда ўзининг бошқарувидаги 90J711CA давлат рақам белгили «Жентра» русумли автомашинасига ўзбошимчалик билан милтилловчи маёқча ўрнатган ва ундан фойдаланиб, автомобилини бошқариб юрган.

«Бундан ташқари, видеолавҳада ҳайдовчининг бошқарув пайтида хавфсизлик камаридан ҳам фойдаланмагани акс этган.

Шундан сўнг, йўл-патрул хизмати инспектори 20 июль куни ҳайдовчининг яшаш манзилига борган ва қоидабузарлик юзасидан тегишли тартибда далолатнома ва маъмурий баённомани расмийлаштирган. Шунингдек, автомобилга ўрнатилган маёқча олиб ташланиб, ҳуқуқбузарлик бартараф этилган», – дейилади хабарда.

Расмий ахборотда фуқарога қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

Маълумот учун, МЖтКнинг 127-моддасига асосан, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид