Жаҳон | 17:20 / 20.07.2020
16086
2 дақиқада ўқилади

ЕИ саммитида давлатлар раҳбарлари бир-бирлари билан жанжаллашиб кетди

Эммануэль Макрон столга муштлаган ва Франция музокараларни тарк этишини айтиб таҳдид қилган.

Фото: AP

Брюсселдаги ЕИ саммитида Европадаги давлатлар раҳбарлари бир-бирлари билан даҳанаки жанг қилишгача борди, деб ёзади Британия ОАВ.

 Тўрт кундан бери давом этаётган саммитда Венгрия бош вазири Виктор Орбан Нидерландия бош вазири Марк Рюттени шахсий адоватда ва молиявий ёрдамни сиёсий масалаларга аралаштиришда айблади. 

 "Голландиялик айбдор. У бизни нега ёмон кўришини билмайман", - деди Орбан. Ўз навбатида Болгария етакчиси Бойко Борисов ҳам уни қўллаб-қувватлади ва Рютте ўзини "Европа полициячисидек" тутаётганини айтди.

Италия бош вазири Жузеппе Конте ҳам Рюттени танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Рютте ўз мамлакатида қаҳрамонлардек кўринишни хоҳлаяпти, ЕИдаги ҳамкорлар муаммоларининг эса унга қизиғи йўқ.

 Нидерландия, Швеция, Дания, Австрия ва Финляндия субсидиялар учун 375 млрд евродан ортиқ маблағ ажратилишига қарши. Коронавирус оқибатларидан кўпроқ жабр кўрган Испания ва Италия субсидиялар 400 млрд евродан кам бўлмаслигини талаб қилмоқда.

 BBC News ёзишича, душанба куни Эммануэль Макрон столга муштлаган ва Франция музокараларни тарк этишини айтиб таҳдид қилган. У аввалроқ телефон қўнғироғига жавоб бериш учун музокараларни тарк этган Австрия канцлери Себастьян Курцни танқид қилган.

"Кўряпсизларми? Унга барибир. У бошқаларга қулоқ солмайди. У матбуотга ёқса бўлди", - деган Макрон.

Дастлаб Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель субсидиялар учун 500 млрд евро ажратилишини таклиф қилганди.

Мавзуга оид