Спорт | 17:20 / 21.07.2020
3415
1 дақиқада ўқилади

Грузияда томошабинларнинг стадионларга киришига рухсат берилди

Грузиянинг коронавирус масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаши спорт ишқибозларининг стадионларга киришига рухсат берди.

Томошабинлар барча хавфсизлик меъёрларига амал қилинган ҳолда, термоскринингдан сўнг киритилади.

"Биз учун ижобий қарор қабул қилинди, спорт мусобақалари давомида томошабинларнинг очиқ стадионларга киришига рухсат берилди. Қайд этиш жоиз, томошабинлар барча хавфсизлик меъёрларига амал қилинган ҳолда, термоскринингдан сўнг киритилади",- деди Грузия футбол федерацияси президенти, парламент депутати Леван Кобиашвили.

 Касалликларни назорат қилиш бўйича миллий марказ раҳбари Амиран Гамкрелидзенинг маълум қилишича, Гардабан муниципалитетидаги қишлоқларда коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқланган. Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги Тбилисидаги бозорларда фаолият кўрсатиши сабабли бозор ҳудудларида назорат кучайтирилган.

"Гардабан муниципалитетидаги қишлоқларда 1,77 минг кишидан тест олинган, уларнинг 24 нафарида коронавирус аниқланган",- деб маълум қилди Гамкрелидзе.

У аҳолини ҳукумат томонидан белгиланган барча қоидаларга, жумладан қатъий ниқоб тақиш режимига амал қилишга чақирди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид