Жаҳон | 13:35 / 22.07.2020
12089
2 дақиқада ўқилади

Грета Тунберг миллион евролик мукофотни олди ва уни бериб юборишга қарор қилди

Фото: Twitter

Португалиядаги Галуст Гюльбенкян фонди «Инсонпарварлик учун» мукофотини швециялик 17 ёшли экофаол Грета Тунбергга топширди. У атроф-муҳитни сақлаш учун «қаттиқ кураш» ва ёшларни ушбу ишга жалб қилиш қобилияти учун мукофотланди, деб ёзади «Медуза».

Мукофот миқдори деярли миллион еврога тенг. Тунбергнинг маълум қилишича, барча пулларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотларига хайрия сифатида бериб юборади.

«Бу мен тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ пул, лекин барча мукофот менинг жамғармам орқали иқлим инқирозидан зарар кўрган одамларга ёрдам берувчи турли ташкилот ва лойиҳаларга ўтказилади», - деди Тунберг.

Биринчи 100 000 евро Амазон ўрмонларини асраш ва туб аҳолига коронавирус билан курашишда ёрдам берадиган SOS Amazonia лойиҳасига берилади. Яна 100 минг еврони Stop Ecocide лойиҳаси олади, унинг яратувчилари бутун дунёда экоцидни жиноят деб тан олиш учун ҳаракат қилмоқда.

2018 йилда Грета Тунберг Швеция парламенти биноси олдида норозилик намойиши ўтказишни бошлади. Унинг маълум қилишича, расмийлар иқлим бўйича келишувга риоя этишни бошламагунча жума кунлари мактабга бормайди.

2019 йилда шунга ўхшаш ёшларнинг норозилик намойишлари бутун дунё бўйлаб бўлиб ўтди, Тунберг эса Нью-Йоркда БМТнинг иқлим саммитида нутқ сўзлади.

2019 йил декабрь ойида Time журнали уни йил одами деб эътироф этди.

Мавзуга оид