Жаҳон | 17:04 / 07.10.2025
10037
11 дақиқада ўқилади

«Аниқ айтаман: бу геноцид» — ёрдам флотилияси фаоллари Исроилнинг ноинсоний муносабатлари ҳақида гапириб берди

Фото: FMT News

«Мен инсон қандай қилиб бунчалик ёвуз бўлишини ҳеч қачон тушунмайман. Сиз миллионлаб одамларни атайлаб очлик ва қамалда қолдирасиз», деди Исроилдан депорт қилинган иқлим фаоли Грета Тунберг. У қўлга олинган энг машҳур йўловчи сифатида Исроил байроғини ўпишга мажбур қилинган. Бундан ташқари «Global Sumud» флотилиясининг испаниялик фаоллари ҳам «уйқусизлик, калтакланиш ва қафасга қамаш» каби ноинсоний шароитларда сақланганини айтди.

Исроил 6 октябр куни швед иқлим фаоли Грета Тунбергни ҳам ўз ичига олган 171 кишини мамлакатдан чиқариб юборди. Шу тариқа Исроил томонидан қўлга олинган 479 кишидан жами 341 нафари депортация қилинди. Улар Ғазо блокадасини бузиб, ёрдам юкларини етказишга уринган «Global Sumud Flotillasi» иштирокчилари эди.

Греция Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 161 нафар фаол, жумладан, 27 нафар юнон фуқароси ва яна 20 га яқин мамлакат вакиллари душанба куни Афинага учиб келган. Афинада кенг жамоатчилик ва фаоллар Тунбергни ва флотилиянинг бошқа аъзоларини олқишлар билан кутиб олди.

«Бу геноцид» – Грета

22 ёшли швед экологик фаоли Грета Тунберг душанба куни илк бор омма олдида чиқиш қилиб, Исроилда ҳибсда бўлган пайтда «калтаклангани ва Исроил байроғини ўпишга мажбур этилгани» ҳақида хабар берилганини эслатди.

«Бизга нисбатан бўлган тазйиқлар ва қамоқдаги азоблар ҳақида узоқ гапиришим мумкин, ишонаверинг. Аммо бу ҳикоя биз ҳақимизда эмас», деди Тунберг ўз чиқишида.

У сўзини давом эттириб, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини «жонли эфирда содир бўлаётган геноцид» деб атади:

«Аниқ айтаман: бу – геноцид. Ҳозир ҳеч ким ʼбиз билмадикʼ деб айта олмайди. Ҳеч ким бу воқеалардан бехабар эмас».

Тунберг Исроилни «бошидан кечаётган геноцид ва кенг кўламли вайронагарчиликни атайлаб кучайтираётган»ликда айблаб, бу «бутун халқни йўқ қилишга қаратилган ҳаракат» эканини таъкидлади.

«Биз Ғазодан, Конгодан, Судандан, Афғонистондан – бу тизимнинг қурбонига айланган барча жойлардан кўз узмаслигимиз керак. Биз қилаётган нарса – энг минимал инсоний бурчимиз. Мен инсон қандай қилиб бунчалик ёвуз бўлишини ҳеч қачон тушунмайман. Сиз миллионлаб одамларни атайлаб очликда қолдирасиз, уларни ноқонуний қамал остида азобга соласиз — бу ўнлаб йилларда бўлаётган зулм ва апартеиднинг давоми», дея Гретанинг сўзларини келтирмоқда Anadolu нашри.

Фото: Reuters

Шунингдек, у “Global Sumud” флотилиясини «фаластинликлар билан халқаро бирдамлик намойиши» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Исроил Ғазога гуманитар ёрдамни киритишни тўсиб, халқаро ҳуқуқни бузган:

«Бизнинг Исроил томонидан ҳибсга олиниб, қамоққа ташланишимиз — ўз ҳукуматларимиз айби. Давлатлар геноцидда ҳамкорлик қилмаслик бўйича ҳуқуқий мажбуриятга эга, БМТ комиссари ҳам буни тасдиқлади,» деди у.

Тунберг Исроилнинг «геноцид учун ҳеч қандай дахлсизликка эга эмаслигини» таъкидлади. Швед фаоллар эса Тунберг ҳибсда бўлган пайтда «унга Исроил байроғини кийдиришганини» айтишди. Улар озиқ-овқат ва дори воситаларидан ҳам маҳрум этилганини, буюмлари олиб қўйилганини билдиришди.

Бошқа фаоллар Исроилдан норози

Reuters нашрининг ёзишича, Швейцария ва испаниялик фаоллар ҳам Исроилда ҳибсда бўлган пайтда «инсоний бўлмаган шароитларга» дуч келганликларини айтишди. Швейцарияга қайтган тўққиз нафар иштирокчи «уйқусизлик, сув ва овқат танқислиги, калтакланиш ва қафасга қамаш» ҳолатларини баён қилган.

Фото: Reuters

«Улар бизни уришди, ерда судраб юришди, кўзимизни боғлашди, қўл-оёғимизни боғлаб, қафасларга тиқишди ва ҳақорат қилишди», деди испаниялик юрист Рафаэл Боррего.

Флотилияда Барселона собиқ мэри Ада Колау ҳам бўлган. «Бизга нисбатан зўравонлик бўлди, лекин бу – фаластинликларнинг ҳар куни бошидан кечираётган азобларига нисбатан ҳеч нарса эмас», — деди у.

Европа демократия ҳимоячиси сифатидаги ролини бажарадими?

Италиялик Европа парламенти депутати Бенедетта Скудери ҳам душанба куни Страсбургда бўлиб ўтган Европа Парламенти ялпи сессиясида чиқиш қилиб, ўзи ва юзлаб халқаро фаоллар Исроил томонидан ҳужумга учрагани, ҳибсга олингани ва камситувчи шароитларда сақланганини маълум қилди.

Скудерининг айтишича, у ва яна тўрт нафар Европа Парламенти аъзоси — жами 400 га яқин фаол билан бирга Ғазога гуманитар ёрдам олиб кетаётган «Global Sumud» флотилияси таркибида бўлган. Исроил ҳарбийлари уларнинг кемаларига халқаро сув ҳудудида ҳужум қилиб, уларни Ашдод портига мажбуран олиб борган.

Депутатнинг сўзларига кўра, у ва бошқалар қамоқда озиқ-овқат, сув, уйқу ва дори-дармонлардан маҳрум этилган, баъзилари эса жисмоний зўравонликка дуч келган.

«Биз тинч, гуманитар мақсад билан йўлга чиққан эдик. Ғазо аҳолиси очарчилик ва қамал остида азоб чекмоқда. Биз эса инсонпарварлик бурчимизни бажардик», – деди Скудери.

У Европа институтларини халқаро ҳуқуқ ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишда сусткашликда айблади: «Биз сиёсатчилар бажариши керак бўлган ишни қилдик. Улар сукут сақлади – биз эса ҳаракат қилдик».

Европа парламенти депутати Бенедетта Скудери
Фото: AP

У Европа Иттифоқини демократия ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатидаги ролини адо этишга чақирди ҳамда Исроилнинг флотилияга ҳужуми ва ноқонуний ҳибсга олиш ҳолатлари бўйича парламент муҳокамасини очишни талаб қилди. Бироқ Скудерининг партияси – «Яшиллар» гуруҳи томонидан илгари сурилган бу таклиф Европа Парламенти томонидан рад этилган. «Европа, агар у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бўлишни даъво қилса, бу жиноятларга жим қараб тура олмайди», — деди Скудери нутқи якунида.

Голландиялик фаоллар қийноқ ҳақида маълумот берди

Голландиялик инсон ҳуқуқлари фаоллари Ғазо блокадасини бузишга уринган «Global Sumud» флотилиясида қатнашгани учун Исроил томонидан ҳибсга олиниб, қийноққа солинганини айтишди.

Тўрт нафар голландиялик фаол Испания орқали Нидерландиянинг Амстердам-Схипхол аэропортига етиб келди. Уларнинг қайтишига Нидерландия элчихонаси уларга ёрдам кўрсатган.

«Пайшанба куни эрталаб бизни Исроил аскарлари ўғирлади. Улар халқаро сув ҳудудида кемамизга бостириб киришди. Биз Ғазога етиб бориб, ноқонуний қамални бузмоқчи эдик. Тўрт аскар кемага чиқиб, бизни олдинги қисмда ўтқазди, кейин эса Исроилга олиб кетишди», деди фаол Руз Икема.

Нидерландияга қайтган фаоллар аэропортда кутиб олинмоқда / Фото: EPA

Унинг сўзларига кўра, ҳибсда улар қуёш остида овқатсиз, сувсиз, дори-дармонсиз қолдирилган:

«Баъзилар калтакланган. Энди биз Исроилдан депортация қилинган биринчи кишиларданмиз», — деди Икема. «Мен Ғазо қамалини бузишни хоҳлагандим, лекин ишончим комил, биз тўхтамаймиз. Яна кемалар йўлга чиқади ва Фаластин озод бўлади».

Яна бир фаол, Муҳаммад Абу Носир ҳам ҳибсдаги шафқатсиз муносабатларни тасвирлаб берди:

«“Global Sumud” Флотилияси тинч йўл билан йўлга чиққан эди, лекин бизга жуда ёмон муомала қилишди. Дастлабки икки кун сув беришмади, кейин овқатни ҳам кам ва тартибсиз тарқатишди».

Уларнинг айтишича, фаоллар қуёш нури кўриш, юриш ёки адвокат билан учрашиш имконидан маҳрум этилган.

Фото: SunOnline

«Баъзилар инсулин каби дори воситаларига муҳтож эди, аммо ҳеч қандай жавоб бўлмади. 16 та камерадан ёрдам сўралган, лекин ҳеч ким чиқмаган. Бир иштирокчининг ҳаёти хавф остида эди», — деди Абу Носир. У шунингдек, исроиллик аскарлар қўлга олинганларга ирқчилик муносабат қилганини айтган.

«Тери ранги тўқроқ ёки мусулмон, араб миллатига мансуб одамларни сабабсиз камерадан олиб чиқишарди. Биз қаерга олиб кетишаётганини билмасдик. Фаластинлик фуқаролар эса янада ёмонроқ муносабат кўрди. Қўлларимиз орқамизга кишанланди, кўзларимиз боғланди, нафас олиш қийин эди», дейди.

Шунга қарамай, Абу Носир ва бошқа фаоллар қатъий оҳангда кўпроқ кемалар, кўпроқ одамлар билан Ғазо қамалини бузиш учун қайтишини айтмоқда.

Исроил айбловларни рад қилди

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни «бутунлай ёлғон» деб рад этди. Баёнотда барча ҳибсдагиларга «сув, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам берилгани ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқлари тўлиқ таъминлангани» айтилди.

Шунингдек, Исроил ҳукумати флотилия ҳибсга олинганидан кейинги қийноқлар ҳақидаги барча хабарларни «бутунлай сохта» деб атади.

«Барча ҳибсдагиларга сув, озиқ-овқат ва ҳожатхонадан фойдаланиш имконияти берилган. Улар адвокат билан боғланиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган», - дейилади Исроил ТИВ Reutersʼга берган баёнотида.

Фото: Исроил Ташқи ишлар вазирлиги

«Global Sumud» флотилияси ўтган ойда Ғазога ёрдам етказиш ва Исроилнинг денгиз блокадасини бузиш учун йўлга чиққан эди. Исроил армияси флотилияга ҳужум қилиб, ундаги 40 дан ортиқ кемалар ва 500 га яқин фаолларни ноқонуний ҳибсга олди.

Бу – Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун ҳозиргача йўлга чиққан энг йирик халқаро флотилия бўлган.

Мавзуга оид