Жамият | 17:05 / 22.07.2020
10066
1 дақиқада ўқилади

Жомий бозори яқинидаги бир нечта дўконда ёнғин юз берди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳудудида жойлашган одамлар «Жомий бозори» деб атайдиган қурилиш моллари бозори яқинида 22 июль куни содир бўлган ёнғин тўлиқ бартараф этилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ёнғин 22 июль куни соат 15:34да бошланган. Саноқли дақиқалар ичида ҳодиса юз берган жойга Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли 6 та ўт ўчириш бригадаси ва қутқарувчилар экипажи етиб борган.

ФВВ ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқовга кўра, ёнғин соат 16:01да жиловланиб, 16:14да бутунлай бартараф этилган. 

Хабарга кўра, бир неча қурилиш моллари дўкони олов ичида қолган. 100 квадрат метрдан кўпроқ майдон ёниб кетган.

Ҳозирча ёнғин келиб чиқиш сабаблари экспертлар томонидан аниқланмоқда. ФВВ қутқарувчиларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида ёнғин чиққан объектларга туташ бўлган қарийб 2 минг квадрат метр майдондаги дўконлар олов тиғидан асраб қолинган.

Мавзуга оид