Маълум қилинишича, Жондор туманидаги «Чарос» болалар соғломлаштириш оромгоҳи ва унга туташ «B.S.B.» фермер хўжалиги ҳудудида содир бўлган ёнғин ўрганилган.

Текширув давомида фуқаро С.Б. ҳамда бошқа номаълум шахслар коллектор атрофидаги қамишзорга ўт қўйгани аниқланган. Бунинг оқибатида жами 50 туп дарахт зарар кўрган. Шундан 38 тупи тўлиқ нобуд бўлган, яна 12 тупи шикастланган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ёнғин натижасида 38 туп қимматбаҳо туранғил, 5 туп қимматбаҳо жийда ҳамда 7 туп кам қимматли оқ терак дарахтларига зарар етган.

Экология бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, ҳодиса оқибатида табиатга 202 млн 704 минг сўм миқдорида экологик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Жондор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан олиб борилмоқда.