Ўзбекистон | 19:23 / 22.07.2020
21804
1 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистоннинг собиқ прокурори оламдан ўтди

Қорақалпоғистон Республикасининг собиқ прокурори, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Хакимбай Аширович Халимов 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

«Бош прокуратура раҳбарияти ва жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органларида хизмат қилган 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Халимов Хакимбай Ашировичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», дейилади бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, унда бир неча кун аввал коронавирус инфекцияси аниқланганди.

Хакимбай Халимов 1998 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори - Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг собиқ ўринбосари лавозимида ишлаган. Шунингдек, 2017-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси бошлиғи бўлган.

У сўнгги вақтларда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид